Хотин-қизлар фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳа

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва уларни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш —ЎзЛиДеП фаолиятидаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Нукус шаҳрида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, ЎзЛиДеП Нукус шаҳар Кенгаши депутати Замира Айтбаева ташаббуси билан маҳаллий тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Яқинда унинг ташаббуси билан «Жипек жолы» МФЙда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ривожлантираётган тадбиркор Зулфия Жумабаевага имтиёзли кредит ажратилишига кўмаклашилди.
Мазкур лойиҳа партиянинг хотин-қизлар қаноти томонидан амалга оширилаётган «Бунёдкор аёллар» лойиҳаси доирасида ўтказилди. Олинган кредит маблағлари боғчани кенгайтириш, янги мебеллар ва болалар учун ётоқ жойлари, шунингдек, зарур жиҳозлар харидига йўналтирилди.
Аввал мазкур боғча 25 нафар болага таълим ва тарбия хизматларини кўрсатган бўлса, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига боғча имкониятлари кенгайтирилиб, яна 25 нафар болани қабул қилиш имкони яратилди — умумий сони 50 нафарга етди. Шунингдек, ушбу кенгайиш туфайли боғчада 5 нафар маҳаллий аёл учун янги иш ўринлари яратилди.
Бу нафақат таълим соҳасини ривожлантириш, балки хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

– Мен болалар билан ишлашни ҳаётим деб биламан. Илгари мактабгача таълимда тарбиячи бўлиб, кейин маҳалла раҳбари бўлганман. Бу тажриба менга тарбиянинг аҳамиятини яхши ўргатди, – дея таъкидлайди боғча мудираси, тадбиркор аёл Жумабаева Зулфия – Бу иш мен учун фақат касб эмас, балки юракдан келадиган бурч. Ҳар бир болага меҳр ва тўғри таълим бериш — келажакни барпо этиш демакдир. Шу сабабли боғчамни ривожлантириб, сифатли таълим марказига айлантирмоқчиман.
Нукус шаҳридаги мазкур ташаббус — хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда амалга оширилаётган муҳим қадамдир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги