Мактабгача таълим педагогларининг касбий фаолиятини ривожлантириш – давр талаби

51

Мактабгача таълим болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун асос яратишда асосий роль ўйнайди. Уларнинг келажакда муваффақиятли таълим олиши ва ижтимоий муҳитга мослашиши пойдевори ҳисобланади.

Илгари мактабгача таълим тизимида бир қатор муаммолар бўлган. Жумладан, мактабгача таълим муассасаларининг етишмаслиги энг катта масала бўлиб келган. Натижада кўплаб болалар боғчага бормаган, бу муаммо айниқса чекка худудларда ниҳоятда долзарб бўлган. Бу эса ота-оналарга катта юк бўлиб, улар болаларига ғамхўрлик қилишнинг муқобил ечимларини излашга мажбур бўлган.

Ҳозирги шароитда мактабгача таълимда қамров даражасини сақлаб қолиш ҳамда оширишда давлат-хусусий шериклик тизимини ривожлантириш лозим. Бунинг учун мактаб ва боғчалар ҳудудидаги бўш ер майдонларини тадбиркорларга ажратиш ва у ерда янги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини яратиш зарурияти туғилган. Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларини салоҳиятли педагоглар билан таъминлаш бўйича ҳал этилиши лозим бўлган ишлар мавжуд.

Давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли педагог кадрлар учун дуал таълимнинг (5+1) шакли ташкил этилади.

Хусусан, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг малакасини ошириш тизими жорий этилади. Бунда давлат мактабгача таълим ташкилотлари педагогларининг малака ошириш тартиби нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ҳам татбиқ этилади. 2026-2028 йилларда республиканинг 14 та ҳудудида Болаларни ривожлантириш инновацион марказини ўз ичига олган “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотлари тармоғи ташкил этилади.

Мактабгача таълим қамровини ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўриндан кам бўлмаган қўшимча қувват яратиш назарда тутилмоқда. Ҳудуд ва массивларда қурилаётган янги кўп қаватли бинолар қурилишида келгусида яшовчи оилалар фарзандлари учун уларга мутаносиб равишда мактабгача таълим ташкилотлари қурилиши таъминланади.

Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман (шаҳар)лардаги (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорлик субъектларига қатор енгилликлар берилади. Хусусан, мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг бўш ер майдонларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил қилишга рухсат берилади. Ушбу ислоҳотлар мактабгача таълим қамровини сезиларли даражада ошириш, хусусий секторнинг фаоллигини кучайтириш ва педагоглар малакасини юксалтиришга олиб келади.

Натижада, болаларнинг ривожланиши учун инновацион марказлар ва замонавий инфратузилма яратилиб, таълим сифати ошади, тадбиркорлик фаолияти ривожланади ва ҳудудларда иқтисодий ўсиш кучаяди.

Бу ўз навбатида, болаларнинг таълим ва тарбиясида тенгликни таъминлаб, мамлакатнинг умумий ижтимоий-иқтисодий ривожланишига мустаҳкам пойдевор яратади, шу билан бирга, педагогларнинг мотивацияси ва хусусий инвестициялар ҳажмини оширади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА