Давлат хизматларидан қандай қилиб арзонроқ фойдаланиш мумкин?

Давлат хизматлари марказлари янги ташкил этилган 2017 йилда 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, ҳозир уларнинг сони 467 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони эса 771 тани ташкил этмоқда.
Ташриф буюрувчилар учун қулай, кўркам бўлган 208 замонавий ва инновацион давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. 200 га яқин маҳаллада 24/7 тартибида ишлайдиган интерактив киосклар ўрнатилиб, улар орқали 60 га яқин давлат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди.
Давлат хизматларини фойдаланувчи учун қулай шакллари (user-friendly)ни йўлга қўйиш, ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш ва масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди. 21 турдаги давлат хизматини “проактив”, 68 тасини “композит” шаклларда ҳамда 26 тасини автоматлаштирилган тартибда кўрсатиш йўлга қўйилди. 200 га яқин давлат хизмати “3 қадам” ҳамда “фойдаланувчи учун мослаштирилган” тамойиллари асосида соддалаштирилди.
Албатта, бу соҳа бўйича ҳам одамларни ўйлантираётган масалалар йўқ эмас. Масалан, айрим хизматлар нархлари аҳоли учун мақбул эмас.
Шуни ҳисобга олиб, хизматлар нархларини минималлаштириш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, гар давлат хизматидан, шу жумладан, лицензия, рухсатнома олиш, давлат рўйхатидан ўтиш ва бошқа хизматлардан фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП – my.gov.uz) ёки унинг мобил иловаси орқали мурожаат қилинса, белгиланган давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловларни амалга оширишда ўн фоиз чегирма берилади.
Яъни, муайян бир хизматдан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки ваколатли органларга бевосита мурожаат этилганда, тегишли тўловлар тўлиқ ундирилади.
Хизматдан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда эса мазкур тўловларнинг ҳар бирини 90 фоиз миқдоридаги чегирмалар билан амалга ошириш имконияти мавжуд.
Жумладан, “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 22-1-моддасига кўра, ҳар қандай давлат хизматини олиш, шу жумладан, лицензия, рухсатнома олиш, давлат рўйхатидан ўтиш ва бошқа хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда мурожаат этилганда давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар давлат хизматлари марказлари орқали ёки хизмат кўрсатувчи органларга бевосита мурожаат этилган тақдирда тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдорида ундирилади.
Бундан ташқари, ЯИДХП ёки унинг мобиль иловаси орқали мурожаат этилганда, бевосита ДХМ ёки ваколатли органларга мурожаат этилганда, тўланадиган пуллик хизматлар учун тўловлар амалга оширилмайди.
ЯИДХПнинг қўшимча афзалликлари шундаки, тизим узлуксиз ва навбатсиз 24/7 режимда ишлайди. Бир жойда 700 дан ортиқ давлат хизмати ва қўшимча сервислардан фойдаланиш мумкин. Бир жойда жамланган 10 дан ортиқ шахсий маълумотлар билан танишиш ва фойдаланиш мумкин. Буларнинг ҳаммаси уйдан ёки иш жойидан ташқарига чиқмаган ҳолда амалга оширилади. Хизматлар учун тўловларни масофадан туриб тўлаш имкони бор. Ортиқча сарсонгарчиликнинг олди олинади ҳамда идорама-идора юришга зарурият қолмайди.
Ҳужжатлар QR-код билан расмий мақомга эга ҳолда шаклланади ва ишончли ҳимояланади. 1242 қисқа телефон рақами ҳамда сунъий интеллект асосидаги оператор, шунингдек жонли оператор орқали 24/7 режимидаги қўллаб-қувватлаш хизмати мавжуд.
Давлат хизматлари марказлари орқали 2023 йилда 8,8 миллион, 2024 йилда 12,3 миллион, 2025 йил 6 ойликда 12,7 миллион, my.gov.uz орқали 2023 йилда 22,6 миллион, 2024 йилда 33,7 миллион, 2025 йил 6 ойликда 20,7 миллион давлат хизмати кўрсатилган.
Ўртача хизмат кўрсатиш вақти 2023 йилда 15 дақиқани ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 10, 2025 йилда 4 дақиқани ташкил этмоқда.
Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги натижасида Ўзбекистон “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёда 8-ўринни эгаллаган.
Норгул Абдураимова, ЎзА