Иқтисодий судларда тўловга қобилиятсизлик масалалари муҳокама қилинди

99

Қорақалпоғистон Республикаси суди ташаббуси билан Олий суд Пленумининг 2025 йил 23 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги Қарори муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди.

Тадбирда иқтисодий ишлар бўйича судьялар, суд бошқарувчилари ва тегишли соҳа вакиллари иштирок этди. Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, иқтисодий судлов ҳайъати раиси Б.Ктайбеков сўзга чиқиб, Пленум қарорининг амалий аҳамиятини чуқур таҳлил қилиб, тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўғри ва бир хил амалиёт асосида кўриб чиқишнинг аҳамиятига эътибор қаратди. Таъкидланганидек, Олий суд Пленумининг қарори иқтисодий судлар амалиёти учун муҳим ҳуқуқий манба сифатида хизмат қилади. Унда белгиланган тушунча ва тавсиялар суд амалиётида қонунийликни таъминлашга хизмат қилади.

– Пленум қарорига кўра, судлар энди тўловга қобилиятсизлик ҳолатларида корхонанинг молиявий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, суд бошқарувчиларининг ролини аниқ белгилаш, кредиторлар ҳуқуқларини таъминлаш ва тартиб-таомилларни қонунга мувофиқ ҳолда юритишга алоҳида эътибор қаратади, – дейди Беруний туманлараро иқтисодий суди судьяси Бақберген Убайдуллаев.

Семинарда иштирокчилар амалий вазиятлар асосида янги ёндашувларни муҳокама қилиб, суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли бўлишида юқорида келтирилган Пленум қарори муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Тадбир якунида амалиётда якдил ёндашувни шакллантириш, иш юритишда шаффофлик ва холисликни таъминлаш, шунингдек, тўловга қобилиятсизлик бўйича қонун нормаларини тўғри таҳлил қилиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Гулойим Ғаниева,

Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги