Чимбойда янги таълим маркази очилди

92

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги «Камбағалликдан фаровонлик сари дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида республикамизда кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Амударё, Чимбой ва Тўрткўл туманларида очилган «Дастлабки ривожланиш марказлари»ни ҳам шундай ишларнинг бир кўриниши десак янглишмаган бўламиз.

Чимбой туманидаги Кончи маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган «Илк ривожланиш маркази»нинг очилиш маросимида Чимбой тумани ҳокими Айбек Тажетдинов иштирок этиб, барча тадбир иштирокчиларини янги таълим муассасасининг очилиши билан табриклади. Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби, Чимбой туманида ҳам катта ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Янги мактаблар ва болалар боғчалари қад ростлаб, уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Чимбой факультети ташкил этилиб, унда республикамиз ёшлари замон талабига мос таълим олмоқда.

– Марказлар ҳудудларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларни, шу жумладан, алоҳида таълимга эҳтиёжи бор бўлган болаларни, биринчи навбатда «Камбағал оилалар реестри»га киритилган оилаларнинг фарзандларини қамраб олади, – дейди туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мамбетсайд Жақсимов. Жумладан, 3-6 ёшли болалар учун «ўйин гуруҳлари,» 2-7 ёшдаги алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болалар учун «махсус мактабгача таълим хизмати» йўлга қўйилади.

Муҳтарам Президентимизнинг ушбу қарори эҳтиёжманд оилалар фарзандларини бепул мактабгача таълимга қамраб олиш, уларнинг келажакдаги ҳаётига мустаҳкам замин яратиш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.Бундай марказлар ҳар бир туман ва шаҳарда босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси