Қонликўлда янги пахта тозалаш заводи ишга тушмоқда

Қонликўл туманидаги «Agrohamkor cluster» МЧЖ яқин кунларда янги пахта тозалаш заводини ишга тушириш арафасида.
2024 йилда иш бошлаган жамият бу йил 139 та фермер хўжалиги билан шартнома тузган бўлиб, пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши билан фермер хўжаликлари пахта топширишни бошлади.
Бугунги кунда «Agrohamkor cluster» МЧЖда 50 киши иш билан таъминланган бўлса, пахта тозалаш заводи ишга тушгандан сўнг яна 100 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Келгуси йилда ёғни қайта ишлаш заводи очилиши билан бу рақам икки баробар ошиши кутилмоқда.
Ишлаб чиқариш цехлари, омборхоналар, лабораториялар қурилиб, пахта тозалаш ускуналари янгиланди. Заводда хориждан келтирилган замонавий технология асосида пахтани қайта ишлаш йўлга қўйилади. Натижада бир тонна пахтани қайта ишлаш учун аввалги кўрсаткичдан 15-20 фоизга кам, яъни 280-300 кВт электр энергияси сарфланиши кутилмоқда. Пахтани қабул қилиш, тозалаш, қуритиш, чигитдан толани ажратиш, тойлаш ишлари бир бинода амалга оширилади. Олинадиган тола ва момиқнинг сифати олдингиларидан сезиларли даражада юқори бўлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги