«Илк тараққиёт маркази» иш бошлади

99

Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими қошида ташкил этилган марказнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистон Кожабаева, туман ҳокими Собир Хўжаметов ва бошқалар иштирок этиб, марказнинг келгуси фаолиятига ривож тилади.

– Марказнинг асосий вазифаси – мактабгача таълим тизимига ҳали қамраб олинмаган болаларни, хусусан, «Камбағаллик реестри»га киритилган оила фарзандлари ва имконияти чекланган 2-7 ёшдаги болаларни бепул таълим жараёнига жалб қилишдан иборат, – дейди туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ёлғаш Шамуратов.

Замонавий тарзда жиҳозланган марказ болаларнинг сифатли таълим олиши учун ёруғ ва шинам синфлар, зарур ўқув-методик воситалар билан тўлиқ таъминланган бўлиб, кенг ва хавфсиз ўйин майдончалари уларга завқланиб ўйнаш имконини беради.

Дастлаб 240 нафар бола марказга қамраб олиниб, таълим жараёнлари 2 сменада 4 соатдан олиб борилади. Шунингдек, инклюзив таълим тизими йўлга қўйилиб, алоҳида парваришга муҳтож болалар учун ўз уйида якка тартибдаги таълим ташкил этилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги