“Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми экспертлар нигоҳида

–
Тошкентда бўлиб ўтган “Декларациялар мулоқоти” II халқаро форуми жамиятда тинчлик, тотувлик ва барқарорликни сақлашнинг муҳим омили сифатида динлар ва маданиятлар ўртасидаги конструктив мулоқотни ривожлантиришга қаратилди. Виждон ва эътиқод эркинлигини илгари суриш, диний белгилар бўйича камситишга қарши курашиш, конфессиялараро ишончни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди. ЎзА мухбири хорижлик таниқли мутахассисларнинг анжуман ҳақидаги фикрини ёзиб олди.

Мустафо Акйол, журналист ва ёзувчи (Туркия):
– Таъкидлаш жоиз, 2022 йил бўлиб ўтган биринчи форум доирасида қабул қилинган Бухоро декларацияси давлат институтлари ва диний ташкилотлар ўртасидаги мувозанатга асосланган дунёвийлик ғоясини қўллаб-қувватлаши билан алоҳида аҳамият касб этади. Ҳужжатда ҳар бир инсоннинг фикр, эътиқод, виждон эркинлиги тушунчалари билан боғлиқ ҳуқуқи мустаҳкамланган.

Жонатан Хеник, Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Фурсатдан фойдаланиб, “Sterling Foundation” ва “Тhe Love Your Neighborhood community” ҳамжамияти олиб бораётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидламоқчиман. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳамкорларимизга диний эркинликни кенгайтириш йўлидаги ишлари учун миннатдорлик билдираман. Халқаро миқёсда мунтазам давом этадиган бу жараёнда бирга интилиш орқали бир-биримизни янада эркин тушуниш, ўзаро рағбатлантиришимиз мумкин.

Сити Руҳоиний Жуҳаятин, Индонезиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Ўйлайманки, бу тадбир тинч-тотув яшаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва асраш зарурлигидан огоҳ этишда жуда муҳим. Мазкур халқаро мулоқот Тошкентда бўлиб ўтаётгани бежиз эмас. Бу юртда ҳукм сураётган барқарор осойишталик Ўзбекистондан ўрганадиган жиҳатларимиз кўплигига яққол ва ҳаётий мисол. Дипломат сифатида мен ҳам шу илғор жамиятнинг бир бўлаги эканимдан фахрланаман.

Элдер Жак Н. Герард (Германия):
– Дин соҳасида мулоқот жуда муҳим. Қолаверса, Ўзбекистонда айни йўналишда амалга оширилаётган сиёсат халқаро ҳуқуқнинг умумий эътироф этилган тамойилларига асосланган, дўстона ва тинчликсевар йўл.

Шайх Абдуллоҳ ибн Байя, БАА Фатво кенгаши раиси (Форум иштирокчиларига видеомурожаат орқали йўлланган табрикдан):
Ўзбекистоннинг мезбон давлат сифатидаги ролини юқори баҳолаймиз. Шунингдек, конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашда халқаро декларациялар муҳим аҳамият касб этишини ҳам таъкидлаш ўринли.
Ўзбек заминида неча-неча асрлар муқаддам Бухоро, Самарқанд, Хива каби илм-фан ва маданиятнинг ноёб цивилизация марказлари шаклланган, жаҳонга машҳур алломалар Ал-Бухорий, Ибн Сино, Ал-Хоразмийлар инсоният тафаккурини ривожлантириш, жаҳон меросини бойитишга беқиёс ҳисса қўшган.
Бирлашган Араб Амирликлари мамлакат раҳбариятининг тинчлик ва бағрикенглик қадриятларини тарғиб қилиш борасидаги мислсиз саъй-ҳаракатини эътироф этади.
Диний озчиликни эъзозлаш умуминсоний тамойил, конфессиялараро мулоқотни яхшилаш, диний эътиқод эркинлигини таъминлашга интилиш барча халқларнинг умумий мақсади. Шу нуқтаи назардан конструктив конфессиялараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, диний таълимни ривожлантириш, сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлаш, диний гуруҳлар ва низоларнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳамжамиятни бирлаштиришда Форумнинг ўрни алоҳида.
Муҳаррама Пирматова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА