Ўзбекистонга 70,8 минг тонна маккажўхори импорт қилинган

100

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг айрим маҳсулотлари импортига талаб ортиб бормоқда. Маккажўхори – ҳайвонлар учун озуқа, озиқ-овқат саноати ва бошқа турли йўналишларда муҳим маҳсулот бўлиб, мамлакат ички бозорида барқарор талабга эга.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистон 17 та хорижий давлатлардан жами 70,8 минг тонна маккажўхори импорт қилган. Ушбу маҳсулот импортининг умумий қиймати 20,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 миллион долларга кўпроқдир.

Ўзбекистонга 2025 йилнинг 7 ойида энг кўп маккажўхори етказиб берган давлатлар қуйидагилар: Қозоғистон – 42,3 минг тонна, Қирғиз Республикаси – 24,2 минг тонна, Туркия – 1,9 минг тонна, Хитой – 1,5 минг тонна ва бошқа давлатлар 786,4 тонна.

Импорт ҳажмининг ўсиши ички ишлаб чиқариш етарли эмаслигини ёки нарх ва сифат жиҳатдан рақобатбардошликда чекловлар мавжудлигини англатиши мумкин.

Маккажўхори импортининг йил сайин ошиб бораётгани Ўзбекистоннинг озиқ-овқат ва чорвачилик соҳасидаги эҳтиёжлари ўсиб бораётганини, лекин ички ишлаб чиқариш салоҳияти бу эҳтиёжларни тўлиқ қоплай олмаётганини кўрсатади. Бу эса, келгусида аграр сиёсатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, деҳқончилик технологияларини жорий этиш ва маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича кенг қамровли чораларни кўришни талаб қилади.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА