Давлат хизматчиси-қонун ҳимоясида

Ўзбекистонда давлат фуқаролик хизматини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ислоҳотлар изчил давом этмоқда. 2022 йил 10 ноябрдан кучга кирган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Қонунга кўра, давлат хизматчилари учун аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланди, шу билан бирга уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишнинг янги ҳуқуқий механизмлари жорий этилди.
Шу жумладан, агар давлат органи қабул қилган қарор қонунга зид бўлса ёки мансабдор шахснинг ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) натижасида хизматчининг ҳуқуқлари бузилса, у энди қўл қовуштириб ўтириши шарт эмас. Қонун хизматчига учта йўлдан бирини танлаш имконини беради. Яъни, у юқори турувчи давлат органига шикоят қилиш, махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш, суд орқали ўз ҳуқуқини талаб қила олади.
Айниқса, “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги Кодекс давлат хизматчилари учун катта имконият очади. Бу кодекс орқали хизматчи ўз ҳуқуқ ва манфаатларини судда қонуний асосда ҳимоя қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2025 йил 15 июндаги ПФ–95-сон Фармони билан давлат хизматчилари лавозимларининг ягона реестри тасдиқланди. Бу эса хизмат тизимини янада очиқ ва самарали қилишга хизмат қилади.
Давлат хизматчиси энди ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила оладиган тўлиқ механизмга эга. Бу, аввало, адолатли ва самарали давлат хизматини шакллантириш, хизматчиларнинг масъулияти ва ишга иштиёқини оширишга хизмат қилади.
Камалатдин Хўжамуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги