Жаҳон китоблари дурдоналари қорақалпоқ тилида

123

Сўнгги йилларда халқимизнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боис юртимизда китобхонлар томонидан севиб ўқиладиган асарларни қайта нашр этиш ва жаҳондаги машҳур китобларни она тилимизга таржима қилиш ишлари мунтазам йўлга қўйилмоқда.

Яқинда «Plato books,» «Booky,» «Атияж» МЧЖ лар ва «Айдинлар» лойиҳаси томонидан молиявий саводхонлик бўйича қорақалпоқ тилига таржима қилинган дунё миқёсида бестселлерларга айланган китоблар нашр этилди. Жумладан, Бодо Шефернинг «Пул алифбоси,» Жорж С. Клейсоннинг «Вавилоннинг энг бой одами,» Саидмурод Давлатовнинг «Мен ва пул» ва «Тафаккур стратегияси» китоблари кўп нусхада чоп этилди.

Ушбу китобларни кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида молиявий саводхонлик бўйича қорақалпоқ тилига таржима қилинган бестселлер китобларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, шунингдек, «Plato books,» «Booky» ва «Кайпанов» МЧЖ томонидан ҳамкорликда ташкил этилди.

Кечада талаба-ёшлар, ёзувчилар, республикамиздаги ахборот-кутубхона марказлари ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти проректори Қ.Қодиров, социология фанлари бўйича фалсафа доктори Р.Сапарбаевлар сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантириш бўйича қилинаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бериб, бугунги янги китобларнинг тақдимот кечаси бу ишларнинг яққол далили эканлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбиркор Азамат Кайпанов «Мен ва пул» ҳамда «Тафаккур стратегияси» китобларининг тақдимотини ўтказди.

«Booky» лойиҳаси асосчиси Азизбек Дабилов «Aydinlar» лойиҳаси ҳақида тақдимот қилди.

Дастур давомида иштирокчилар билан савол-жавоблар ўтказилди. Энг яхши савол эгалари ташкилотчилар томонидан китоб ваучерлари ва совғалар билан тақдирланди.

– Китобхонларнинг талаб ва эҳтиёжларини қондириш мақсадида, бошқа тилларда ёзилган машҳур асарларни қорақалпоқ тилига таржима қилиш, аввал чоп этилган асарларни қайта нашр этиш ва кенг тарқатиш ишлари давом эттирилмоқда. «Plato books» ва «Booky» қорақалпоқ тилидаги аудиокитоблар платформаси ҳамда «Айдинлар» лойиҳаси томонидан француз ёзувчиси Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода» китоби қорақалпоқ тилида 2000 нусхада чоп этилди ва китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинди, – дейди Азизбек Дабилов.-Шунингдек, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Бердақ номидаги Давлат мукофоти лауреати Караматдин Султановнинг «Ажиниёз» романи қайта нашр этилди. Бу асар халқимиз орасида севиб ўқиладиган романга айланган. Бундан ташқари, қорақалпоқ тилида 20 га яқин асар замонавий усулда қайта ишланган. Яқин кунларда бошқа китобларнинг ҳам тақдимотлари ўтказилиши режалаштирилган.

– Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган «Беш ташаббус» лойиҳасининг тўртинчи ташаббуси ёшларни китобхонликка қизиқтириш ва йўналтиришга қаратилган, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Ғайратдин Сейтеков. «Зукко китобхон,» «Ёш китобхон,» «Ёш китобхон оила,» «Заковат» интеллектуал танловлари ҳам бир мақсад йўлида бирлашиб, ёшларни китоб мутолаасига чорлаш, билимга интилиш ва тафаккурни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

Дарҳақиқат, қорақалпоқ тилига бестселлер асарларнинг таржима қилиниши, қайта нашр этилиши, аудиокитоблар ва келгусида фильм вариантларининг тайёрланиши ёшлар ўртасида китобхонликни ривожлантиришга, миллий адабиётимиз ва маданиятимизни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси