Ёшлар билан мулоқот қилиб, сайёр суд ўтказилди

108

Қораўзак тумани Ёшлар марказида «Судья ва ёшлар учрашуви» бўлиб ўтди. Учрашувда Нукус туманлараро маъмурий суди судьяси А.Салиев ва Қораўзак тумани прокурори ёрдамчиси Э.Садуллаев иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.

Тадбирда судья томонидан ёшларга сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2025 йил 11 мартда қабул қилинган «Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш учун янада қулай шарт-шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳақида тушунчалар берилди. Қонун билан фуқароларнинг судларга онлайн тарзда мурожаат қилиши ва масофадан иштирок этиши учун яратилган қулайликлар кенг ёритилди.

Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПП-140-сонли Фармонининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Фармонда судлар фаолиятига сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, суд ишларини юритишда автоматлаштиришни янада ривожлантириш, судьялар фаолиятини енгиллаштириш ва одил судловнинг очиқлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, суд биноларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, моддий-техник таъминотни яхшилаш орқали фуқаролар учун муносиб суд муҳитини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Ўтказилган тадбир давомида сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Унда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг оғир оқибатлари, ёшлар ўртасида учраётган турли қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳаётий мисоллар келтирилиб, бу орқали улар амалиёт орқали қонун устуворлиги, жазо белгиланганлиги ва одил судлов тушунчаларини янада чуқурлаштиради.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги