Университетларни тоифалаш, молиялаштириш ва раҳбарлар тайёрлашнинг янги тизими

185

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти тадқиқот натижаларига кўра, давлат томонидан таълим тизими учун ажратилаётган маблағларнинг 1 фоизга ортиши камбағалликни 0,03 фоизга қисқартириш имконини беради.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда таълим-тарбия, илм-фанга эътибор мутлақо ўзгарди. Хусусан, сўнгги йилларда мактабгача, умумий ўрта ва олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича тизимли, изчил ва комплекс чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада қатор муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, тизимда ҳали ҳам бир қатор ечимини кутган муаммолар мавжуд. Университетларни баҳолашда уларнинг йўналиши ва даражаси ҳисобга олинмасдан, барча учун бир хил мезон қўлланилади. Бу ҳолат ўқув дастурларини чуқурлаштириш ёки ихтисослаштиришга тўсқинлик қилади.

Молиялаштириш асосан талабалар сонига боғлиқ бўлиб, таълим сифати, битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлиги ва халқаро нуфузи инобатга олинмайди.

Натижада университетлар статистик кўрсаткичлар ортидан қувишга мажбур бўлиб, бу таълим мазмунига эмас, шаклга кўпроқ эътибор қаратишга олиб келмоқда.

Таълимнинг индустрия билан боғланиши ҳам етарли даражада эмас. Айниқса, техник йўналишларда ажратилган квоталар катта бўлишига қарамай, ёшлар орасида муҳандисликка қизиқиш паст. Шунингдек, университетларни бошқаришда кадрлар салоҳияти етарли эмас, ректор ва раҳбарлар замонавий менежмент кўникмаларини тўлиқ эгалламаган. Педагогларнинг малака ошириш тизими эса парчаланган ҳолда фаолият юритиб келаётгани сабабли маблағлар самарасиз сарфланмоқда.

Ислоҳотларнинг янги босқичида университетлар фаолиятида профил ва йўналиш ҳисобга олинган ҳолда тоифалаш тизими жорий этилади.

Тадқиқот университетлари, амалий йўналишдаги ўқув муассасалари, гуманитар ҳамда маданий-санъатшуносликка ихтисослашган ОТМлар алоҳида баҳоланади. Бу орқали ҳар бир университетдан кутилган натижа аниқ белгиланиб, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён қилиш имкони яратилади.

Молиялаштириш тизими ҳам янгича асосга ўтмоқда. Энди университетлар учун ажратиладиган маблағнинг 60–70 фоизи базавий қўллаб-қувватлаш сифатида кафолатланса, қолган 30–40 фоизи миллий рейтинг натижаларига кўра тақсимланади. Миллий рейтингда асосий мезонлар сифатида битирувчиларнинг иш билан таъминланиши, саноат билан амалга оширилган лойиҳалар, хорижий талабаларни жалб қилиш кўрсаткичи, илмий мақолалар ва халқаро грантлар ҳисобга олинади.

Университетларда раҳбарлик салоҳиятини ошириш мақсадида “Ректорлар мактаби” лойиҳаси йўлга қўйилади. Лойиҳа орқали истиқболли кадрлар саралаб олиниб, “Янги Ўзбекистон” университетида тайёргарлик курсларидан ўтказилади. Энг яхши 30 нафар номзод Гарвард ва бошқа нуфузли хорижий марказларда ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу орқали ректор ва проректорлар учун замонавий менежерлар захираси яратилади.

Шу билан бирга, педагог кадрларнинг малака ошириш тизими ҳам тубдан янгиланади. Ҳозирча алоҳида бешта тузилма орқали амалга оширилаётган жараён ягона марказлашган тизимга бирлаштирилади. Бу орқали такрорланишлар бартараф этилиб, йилига тахминан 420 миллиард сўм тежалади. Мазкур маблағлар замонавий методикалар ишлаб чиқиш, таълим жараёнларини рақамлаштириш ва педагогларнинг малакасини оширишга йўналтирилади.

Умуман олганда, мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Тараққиётга интилаётган давлатлар биринчи навбатда инсон капиталига сармоя йуналтиради. Зеро айнан инсон капиталининг ривожлангани ҳар қандай мамлакатнинг истиқболи пойдеворидир.

Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Айнан билимли ёшлар Ўзбекистонни иқтисодий-ижтимоий тараққиётини ва ривожланишини сифат жихатидан янги босқичга олиб чикишлари мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА