Долзарб дастур давом этмоқда

Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва янги даромад манбаларини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Айниқса, камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни кичик тадбиркорликка жалб этиш борасида амалий ишлар қилинаётгани яхши натижалар билан кўзга ташланмоқда.
Бу борадаги ишлар Тахиатош туманида ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Айниқса, паррандачиликни ривожлантириш борасидаги амалий чора-тадбирлар асосида бугунги кунда жўжа олган хонадонларнинг аксарияти тухум ва гўшт етиштиришни бошлаб, озиқ-овқат таъминотини яхшилабгина қолмай, ортиқча маҳсулотни бозорга чиқариб сотмоқда. Бу эса оилаларнинг қўшимча даромад топиб, оиладаги иқтисодий эркинликка олиб келмоқда. Айрим фаол оилалар эса ўз фаолиятини кенгайтириб, паррандачиликни кичик бизнес даражасига олиб чиқишга интилмоқда.
Ушбу ишлар қаторида туманда ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда «Жайхун» маҳалласидаги камбағал оилаларга жўжа тарқатиш ишлари ташкил этилди.


– Мамлакатимизда олиб борилаётган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури асосида камбағаллик реестрида турган оилаларни оталиққа олган муассаса, корхоналар ташкил этилиши билан ёрдамга муҳтож, кам таъминланган оилаларга амалий ёрдамлар бериб келинмоқда. Куни кеча шундай хонадонларга юзтадан жўжа тарқатиб берилди. Бу албатта уларнинг оилавий молиявий ҳолатини яхшилаб, фаровон ҳаёт кечиришларига замин яратади, – дейди ҳоким ёрдамчиси А.Худайбергенов.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги