«InnoWeek-2025: Илмий ишланмалар кўргазмаси ва стартаплар фестивали

Нукус давлат техника университетида «InnoWeek-2025: Илмий ишланмалар кўргазмаси ва стартаплар фестивали» бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари билан бошланган тадбирни Нукус давлат техника университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори М.Ортиқбоев очиб берди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сектор бошлиғи Ж.Осербаев, Нукус давлат техника университети Регистратор офиси бошлиғи Р.Отениязовлар сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади.
Унда «InnoWeek-2025» каби бир қатор лойиҳаларда фаол иштирок этиб келаётган Нукус давлат техника университети магистранти, «Зулфия» мукофоти совриндори Б.Турениязова иштирокчиларга лойиҳа, унда иштирок этиш талаблари, ғалабага эришиш учун қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиши кераклиги ҳақида маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали талабаларининг мусиқий чиқишлари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳар бир иштирокчининг лойиҳаси билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга лойиҳа муаллифларидан жавоблар олди. Уларни баҳолашда лойиҳанинг долзарблиги, амалиётга татбиқ этилганлик даражаси каби бир қатор жиҳатларга эътибор қаратилди.
60 дан ортиқ лойиҳалар орасида томчилатиб суғориш тизимини автоматлаштириш, таълим сифатини назорат қилишда инсон омилини камайтириш каби мақсадларга йўналтирилган лойиҳалар ҳаммада бирдек қизиқиш уйғотди.
Тақдирлаш маросими олдидан Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сектор бошлиғи Ж.Осербаев, Нукус давлат техника университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори М.Артикбаев, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори в.в.в. А.Сайимбетовлар сўзга чиқиб, барча инноватор ва стартаперларга қатнашгани учун миннатдорчилик билдирди.
Тадбирда «InnoWeek-2025» инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритган 20 та лойиҳа муаллифлари, олий таълим муассасалари Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Ташаккурнома билан тақдирланди.

Шунингдек, барча иштирокчиларга Нукус давлат техника университети номидан ташаккурномалар топширилди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси