Бугун Тошкентда «Декларациялар мулоқоти» II Халқаро форуми бошланди

15 та давлатдан 50 га яқин эксперт, дин уламолари, илоҳиётшунос ва расмийлар иштирок этаётган анжуман Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан АҚШнинг «Love Your Neighbor Community» нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Таъкидланишича, форумнинг асосий мақсади — маърифат ва бағрикенглик маданияти ғояларини илгари суришда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдир.
Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар қайд этилди. Хусусан, янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонун, диний ташкилотларни рўйхатга олишдаги енгилликлар, Ҳаж квоталарининг икки баробарга оширилиши ва янги ислом таълим муассасалари очилиши шулар жумласидандир.
Форум якунида ушбу мулоқот тинчлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилиши, тадбирнинг якуний ҳужжати эса глобал даражада умуминсоний қадриятларни тарғиб этишига ишонч билдирилди.