Миллий техник қўмиталар халқаро майдонда

89

Ҳар бир мамлакатда маҳсулот ва хизматлар сифатини таъминлаш, хавфсизликни кафолатлаш ҳамда бозорда рақобатбардошликни ошириш учун стандартлаштириш муҳим ўрин тутади. Стандартлаштириш жараёнида эса техник қўмиталар асосий роль ўйнайди.Улар соҳа мутахассислари, илмий муассасалар, ишлаб чиқарувчилар ва фойдаланувчиларни бирлаштирган ҳолда миллий ва халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштиришда иштирок этади.

Мамлакатимизда ҳам техник жиҳатдан тартибга солиш тизимлари орасида таянч йўналишлардан бири саналган стандартлаштириш соҳасини ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон стандартлар институти директор ўринбосари Умид Шожалилов тизимда амалга оширилаётган ишлар, техник қўмиталар, уларнинг вазифалари ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан қуйидагиларни гапириб берди:

– Стандартлаштириш бўйича техник қўмита маълум бир соҳадаги стандартларни ишлаб чиқиш, қайта кўриб чиқиш ва мукаммаллаштириш билан шуғулланувчи мутахассислар гуруҳидир, – дейди Умид Шожалилов. – Улар миллий стандартлаштириш органи қошида тузилади ва унинг меъёрий-ҳуқуқий базасига мувофиқ ишлайди.

Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталарнинг асосий вазифалари стандартлаштириш тизимларининг фаолиятини ва ривожланишини таъминлашда қатнашиш, халқаро стандартларни қўллаш асосида уни халқаро, давлатлараро тизимлар билан уйғунлаштириш, стандартларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, қайта кўриб чиқишда илғор хорижий тажрибани жорий қилиш йўли билан шу жумладан, уларда анъанавий технологияларнинг олдинда борувчи имкониятларини, истиқболга дастлабки талабларни белгилашни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатдошлиги оширилишини таъминлашда иштирок этишдан иборат.

Бугунги кунда мамлакатимизда вазирлик, идоралар, уюшмалар ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳузурида стандартлаштириш бўйича 34 та миллий техник қўмита фаолият олиб бормоқда. Мазкур техник қўмиталарнинг фаолиятида жами 824 нафар мутахассис иштирок этмоқда.

Биламизки, ISO ташкилотинг асосий мақсадлари халқаро миқёсда яхлит, умумий қабул қилинган стандартларни яратиш, савдода, саноатда ва хизмат кўрсатиш соҳаларида сифат ва хавфсизликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги техник тўсиқларни камайтириш, инновациялар ва технологик тараққиётни қўллаб-қувватлашдир.

Миллий техник қўмиталаримизда фаолият юритаётган мутахассислар томонидан мамлакатимиз манфаатини халқаро даражада илгари суриш мақсадида миллий техник қўмиталарнинг халқаро ташкилотларда иштирокини янада ошириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Шу боис, амалга оширилган ишлар натижасида ISO ташкилотининг техник қўмиталари фаолиятида 43 нафар тўлақонли аъзо, 251 нафар кузатувчи аъзо Ўзбекистон номидан иштирок этмоқда. Бугунги кунда ушбу мутахассислар томонидан 43 та халқаро стандарт лойиҳаси кўриб чиқилиб, овоз берилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасига асосан бугунги кунда миллий стандартлаштириш тизимида асос бўлувчи норматив ҳужжатларни халқаро нормаларга мослаштириш, яъни ҳужжатларни чуқур таҳлил қилиш ва натижада бугунги кун талабига мос келмайдиган, маънан эскирган нормаларни чиқариб ташлаш зарури мавжуд. Шунингдек, асос бўлувчи стандартларни халқаро нормалар билан бойитиш орқали стандартларни янгидан қабул қилиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда стандартлаштириш соҳасида техник қўмиталар фаолияти иқтисодий ислоҳотлар, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмлардан бири бўлиши зарур.  Ҳар бир соҳадаги мутахассислар, тадқиқотчилар ва ишлаб чиқарувчилар мазкур техник қўмиталарда фаол иштирок этиб, стандартлаштириш жараёнини амалий равишда ривожлантиришда ҳисса қўшишлари лозим. Шунингдек, миллий техник қўмиталар халқаро майдонда фаол қатнашиши ва халқаро стандартларни мамлакат шароитига мослаштириши стратегик аҳамиятга эгадир.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА