ТДТ минтақасида хавфларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди

2025 йилнинг 6-8 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарларининг XI учрашувига мезбонлик қилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов ҳам иштирок этди.
Шунингдек, нуфузли анжуманда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Қувончбек Омуралиев ҳамда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон божхона хизмати раҳбарлари ва Венгрия божхона маъмурияти вакили қатнашди.
Жорий йилнинг январь ойида Бокуда бўлиб ўтган учрашувда эришилган келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар ижроси таҳлил қилинди. Жумладан, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш, бунинг учун миллий тизимларни ўзаро интеграциялаш орқали ягона дастур ишлаб чиқиш масаласининг жорий ҳолати таҳлил қилинди.

Фаолиятга «Ягона дарча» ва «Ягона бекат» каби чора-тадбирларни татбиқ этиш орқали чегара ўтказиш пунктларида тўхташлар сонини камайтириш, расмийлаштириш учун сарфланадиган вақтни қисқартириш, пировардида савдо ва ташиш тартиботларини соддалаштириш имкониятлари таҳлил қилинди. Шунингдек, транзит ташувларида электрон пломбалар ва замонавий кузатув технологияларини кенг татбиқ этиш масаласи ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Учрашувда асосий эътибор 2022 йилда Самарқандда имзоланган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида “Соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисида”ги Битимни амалиётга татбиқ этишга қаратилди.

Ўзбекистон божхона хизмати раҳбари мазкур йўналишдаги ишларни янада тезлаштириш, хусусан, жорий йилнинг октябрь ойига қадар “Соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисида”ги Битимнинг техник ишларини якунлаб, тажриба тарзида ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.
ТДТ минтақасида “E-Tir” тартиботини жорий этиш бўйича Ҳаракатлар режасининг ижроси кўриб чиқилар экан, бу борада ҳам Божхона қўмитаси раиси ташкилот доирасида ягона ёндашувга зарурат кучли эканлигини қайд этди.
Бугунги кунда ТИР Конвенциясининг 2021 йил майдан кучга кирган электрон тартиботи – «E-Tir» халқаро тизими дунёнинг 80 га яқин давлатларида амалда қўлланилмоқда.
ТДТ ҳудудида ягона транзит тармоғини шакллантиришда ҳам “E-Tir” тартиботини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, мазкур тартибот божхона расмийлаштируви вақтини қисқартиришдан транспорт харажатларини камайтиришгача бўлган бир қатор афзалликларга эга. Масалан, ҳозирда бир дона ХЙТ китобчасини чоп этиш, сақлаш ва фойдаланиш учун ўртача 5 АҚШ доллари сарфланади. Ташкилотга аъзо давлатларда эса йилига миллионлаб ХЙТ китобчаси ҳамон қоғоз шаклида қўлланилмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон томони Европа Иқтисодий Комиссияси ва БМТнинг Автомобиль транспорти халқаро иттифоқи билан биргаликда мазкур масалада учрашув ташкил қилиш ташаббусини илгари сурди. Ушбу ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, якунда ТДТ минтақасида “E-Tir” тартиботидан фойдаланиш юзасидан Қўшма баёнот қабул қилинди.
Туркистон учрашуви якунида ТДТ минтақасида Хавфларни бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда божхона Лабораториялари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандумлари ҳам имзоланди.
ТДТга аъзо давлатлар божхона хизмати раҳбарларининг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви доирасида Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Ш.Багиров билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида ўзаро савдо айланмаси жорий йилнинг 7 ойида салкам 135 млн. АҚШ долларини ташкил қилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ошган.
Мавжуд имкониятлардан келиб чиқилса, бу рақамлар ҳали етарли эмас. Иккала давлатнинг ташқи савдо иштирокчиларини ўзаро қўллаб-қувватлаш божхона соҳасидаги ҳамкорликни ҳам янада кучайтиришни тақозо этади.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида божхона соҳасидаги ҳамкорликнинг асосини 2 та ҳукуматлараро ва 8 та идоралараро битимлар ташкил қилади.
Ушбу ҳужжатларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, жумладан, ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини тўлақонли қамраб олиш мақсадида томонлар 2025-2026 йилларда ўзаро ҳамкорликнинг янги режасини кўриб чиқди ва имзолади.
Ўзбекистонинг «Сирдарё» ва Қозоғистоннинг «Атамекен» божхона постлари ўртасида янги кўприк қурилиши ҳамда «Сирдарё» божхона постини реконструкция қилиш бўйича лойиҳаолди ҳужжатлари юзасидан фикр алмашилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА