Буюк тарихчи олим, элини севган инсон эди

10 сентябрь Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларига хизмат кўрсатган фан арбоби, Бердақ номидаги Давлат мукофоти лауреати, Марказий Осиёнинг машҳур тарихчиларидан бири, мамлакатимиз илм-фани ривожига салмоқли ҳисса қўшган, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, тарих фанлари доктори, профессор Собир Камалович Камаловнинг таваллуд куни. Бугун бу улуғ инсон ҳаётлигида ўзининг 101 ёшини қарши олган бўлар эди.
С.Камалов 1948 йилда Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг тарих факультетини, 1951 йилда Москвада «Тарих ва этнография» мутахассислиги бўйича аспирантурани тамомлайди. 1957-1961 йиллари Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг ректори, 1961-1996 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Қорақалпоғистон бўлими Президиумининг раиси, 1996 йилдан бошлаб умрининг охиригача ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлими Президиумининг маслаҳатчиси бўлиб ишлади.
У 1953 йили «Қорақалпоқлар Россияга қўшилгунга қадар Хива хонлиги таркибида» (1800-1873) » мавзусида номзодлик, 1969 йили «Қорақалпоқлар XVIII-XIX асрларда (Россия ва Ўрта Осиёнинг бошқа хонликлари билан муносибатлари тарихига)» мавзусида докторлик диссертацияларини ёқлади. 1974 йили Собир Камоловга профессор унвони берилди ва ўша йили Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, 1979 йили эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
С.Камалов жамоат ишларида ҳам фаоллик кўрсатиб, 1961-1965 йилларда Қорақалпоғистон «Билим» жамиятининг раиси, 1961 йилдан 1996 йилгача «Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Ахборотномаси» илмий журналининг бош муҳаррири бўлди. 1994 йили С.Камаловнинг бевосита иштирокида ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Тарих, археология ва этнография институти қошида тарих фанларидан номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича Қорақалпоғистонда биринчи Ихтисослаштирилган Кенгаш очилиб, ўзи бу Кенгашга раислик қилди.
Академик С.Камаловнинг эълон қилган асарларининг мавзуси ҳар хил. С.Камаловнинг қаламига қорақалпоқ халқининг тарихи, этногенези, бугунги кун тарихий жараёнларида жамиятимизнинг ривожланишига оид масалаларга бағишланган кенг кўламли асарлар тегишлидир. Унинг асарлари рўйхатидан 450 га яқин илмий, илмий-оммабоп ва ўқув-услубий ишлари, монографиялари, китоблари, рисолалари, шунингдек, тўпламлардаги боб ва бўлим-параграфлар, республика газета ва журналларидаги мақолалари ўрин олган. Улардан мустақиллик йиллари «Қорақалпоғистон тарихи» (Нукус, 1993), «Қорақалпоқлар ХВИ-XVIII асрнинг иккинчи ярмида» («Ўзбекистон тарихи,» Тошкент, 1993, ИИИ-т., 281-316 б.), «Тўрткўл – Қорақалпоғистоннинг биринчи пойтахти» (Нукус, 1993), «Ерназар Алакоз – халқ қаҳрамони» (Нукус, 1993), «Вамбери қорақалпоқлар ҳақида» (Нукус, 1995), «Халқи учун шаҳид бўлган қаҳрамоним» (Нукус, 1997), «Қорақалпоқларнинг халқ бўлиб шаклланиши ва унинг давлатчилиги тарихидан» (Нукус, 2001), муаллифлар гуруҳи таркибида кўп жилдлик «Ўзбекистон тарихи» китобини ёзишга қатнашди.
Олимнинг «Қорақалпоқларнинг халқ бўлиб шаклланиши ва унинг давлатчилиги тарихидан» (Нукус, 2001) асари долзарб илмий иш ҳисобланади. Сабаби, унда муаллиф кенг жамоатчиликка тушунарли тарзда қорақалпоқларнинг келиб чиқиши масаласи, кўп асрлар давомида қорақалпоқларнинг давлатчилигининг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари ҳақида сўз этган. 2002 йилда бу меҳнати учун у Қорақалпоғистон Республикасининг фан ва техника бўйича бериладиган Бердақ номидаги давлат мукофотини олди.
Шунингдек, академик С.Камаловнинг бевосита иштирокида 1977 йили биринчи марта ўрта мактаблар учун Қорақалпоғистон тарихидан дастур ёзилди ва ўша вақтдан бошлаб республика мактабларида Қорақалпоғистон тарихи фан сифатида ўтила бошлайди. С.Камаловнинг муаллифлигидаги Қорақалпоғистон тарихи бўйича кейинги дарсликлар 1993, 1995, 2002 ва ундан кейинги йилларда нашрдан чиқиб келмоқда.
Собир Камаловнинг халқаро Германия (Берлин), Австрия (Вена), Финландия (Хелсинки), Туркия (Анқара), Россия (Москва, Оренбург), Украина (Киев), Туркманистон (Ашхобод), Қозоғистон (Алмати) ва бошқа мамлакатларда қилган илмий маърузалари хорижий нашрларда эълон қилинди ва унинг номини дунёнинг етакчи илмий жамоалари орасида танийди.
У бошқарган давр ичида ЎзРФАнинг, кейинчалик Бўлимга айланган Қорақалпоғистон филиали (1961-1996 йй.) Қорақалпоғистонда илм-фан ва илмий кадрлар тайёрлашнинг чинакам марказига айланди.
Академик С.Камалов фақат тарихчи эмас, туғилган ерининг ҳақиқий фарзанди. Халқининг дардларини юрак тўридан қабул қилган у Орол фожиасига, Она табиатга боғлиқ муаммоларни ечишга бефарқ қараб ўтирмади. Табиатнинг куйчиси, ўраб турган муҳитнинг тозалиги учун курашчиси бўлди. Кўплаб минтақавий ва халқаро форум ва анжуманларда, республика ва хорижий оммавий ахборот воситаларида жаҳон ҳамжамиятини Марказий Осиёнинг ноёб объекти бўлган Орол денгизини сақлаб қолиш ва ҳимоя қилишга чақирди.
Қорақалпоғистон илми учун Собир Камалов мисоли ҳаёти ва турмуши, хизматлари фақат илм-фан зиёлилари учун ибрат бўлиб қолмасдан, ёш авлодни юртга садоқат ва муҳаббат, билимга чанқоқлик руҳида тарбиялашда намуна бўлиб қолади.
Асқар Жумашев,
ЎзРФА Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти
Тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги