Миллий тиббиёт маркази базасида қўшма симуляцион марказ ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди

97

Бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни татбиқ этиш ва тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган қадамлар мамлакатимизда устувор йўналишлардан бирига айланган. Шу мақсадда амалга оширилаётган муҳим ташрифлардан бири – Хитой Халқ Республикасидан нуфузли делегациянинг Миллий тиббиёт марказига ташрифи бўлди.

Жорий ташриф доирасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамда Ташқи ишлар вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация Миллий тиббиёт марказига ташриф буюрди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фарҳод Тошпўлатов ҳамда Миллий тиббиёт маркази директори Мақсуд Саидов кутиб олди.

Ташриф доирасида офтальмология бўлимида жарроҳлик амалиётидан чиққан беморлар ҳолати билан танишилди. Замонавий жиҳозлар билан таъминланган операция хоналари фаолияти ўрганилди. Шунингдек, икки томонлама музокаралар ўтказилди.

Хитой делегацияси томонидан офтальмология йўналиши бўйича инсонпарварлик ёрдами ҳам кўрсатилди. Жумладан, сунъий кўз гавҳари (линза), замонавий жарроҳлик аппаратлари, стерилизатор, жарроҳлик ланцетлари ва кўз ўлчамларини аниқлаш учун биометрия асбоблари марказга тақдим этилди.

Музокаралар чоғида Миллий тиббиёт маркази базасида қўшма симуляцион марказ ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу марказда шифокорларни замонавий жарроҳлик усулларига ўқитиш, маҳорат дарслари ўтказиш ҳамда тиббий ёрдам сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Миллий тиббиёт маркази ва Хитойнинг Анҳуй вилояти клиникаси ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида офтальмология соҳасида қўшма илмий-амалий ишлар олиб бориш, тажриба алмашиш ва шифокорлар малакасини ошириш белгиланди.

Ушбу ташриф Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дўстона муносабатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Миллий тиббиёт марказида амалга оширилган музокаралар ва келишувлар нафақат тиббий хизмат сифатини ошириш, балки шифокорларнинг касбий малакасини ривожлантириш, янги технологияларни жорий этишда муҳим қадам ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА