МИБ: тиббиёт ходимларининг иш ҳақилари ундириб берилди

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари қонуний асосда ҳимоя қилиб келинмоқда. Конституциямизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнатига яраша ҳақ олиш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги алоҳида таъкидланган.
Бироқ, меҳнат муносабатларида иш берувчи томонидан ходим ишлаган даври учун иш ҳақи нотўғри ҳисобланиши ёки умуман иш ҳақи ўз вақтида тўланмаслиги ҳолатлари тез-тез учраб туради.
Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан иш ҳақини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ўз вақтида ижросини таъминлаш, айниқса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Нукус ва Чимбой туманлараро судларининг ижро варақаларига асосан, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий- амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалидан 3 фуқаронинг фойдасига жами 161 миллион 116 минг сўмлик иш ҳақини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича Бюронинг Нукус шаҳар бўлими томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилди.
Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ижро ҳужжати дарҳол ижро этилиши зарурлиги сабабли олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида иш ҳақлари тўлиқ ундирилиши таъминланиб, 3 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги