Комбайн механизаторлари учун ўқув-семинарлари ташкил этилди

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида пахта териш машиналарини бошқариш бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Тадбирда «Ўзагролизинг» АЖ, Туркия давлатидан «Cansa,» АҚШдан «John Deere,» Хитой давлатидан «Boshiran,» «FM World» компаниялари масъуллари ва маҳаллий мутахассислар томонидан механизаторларнинг замонавий пахта териш машиналарини бошқариш кўникмаси шакллантирилиб, янги технологияларни жорий этишнинг аҳамияти, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Пахта йиғим-терими жараёнини тезкор ва самарали ташкил этиш, қўл меҳнатини камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 февралдаги тегишли қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасига жорий йилда 60 дона замонавий пахта териш машиналари етказиб берилиши режалаштирилган. Шундан, ҳозирги кунда Республикамизга 43 дона пахта териш машиналари Хитой, АҚШ ва Туркия давлатларидан олиб келинди.
Шу муносабат билан 5-10 сентябрь кунлари оралиғида семинарлар ташкил этилиб, унга фермер хўжаликлари раҳбарлари, комбайн операторлари ва механизаторлар қамраб олинди.
Хусусан, жорий йилнинг 5-8 сентябрь кунлари Боширан, FM World, Cansa, John Deere ва бошқа хорижий компаниялар масъулларидан иборат мутахассислар дала шароитида пахта териш машиналарини бошқариш бўйича амалий ўқув-семинарларини ташкил этди.
Семинарда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти «Қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш» кафедрасидан доцент Э.Қ.Султанов, доцент Б.У.Нурабаэв, т.и.ф.д. (PhD) С.Э.Турсимуратов ва т.и.ф.д. (PhD) А.С.Балтаниязовлар ва ишлаб чиқарувчи корхона мутахассислари ўзларининг назарий ва амалий кўникмалари ҳақида иштирокчи операторларга кенг тушунча бериб ўтди.

Бу чора-тадбирлар қишлоқ хўжалигида механизация жараёнларини жадаллаштиришга, ҳосилдорлик ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги