«Rich milk» ва «Elegato» брендлари маҳсулотлари харидорлар кўнглидан жой олмоқда

Президентимизнинг тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаши асосида жорий этилаётган ислоҳотлар натижасида бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, оиласи, маҳалласи, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2023 йил 8 августда «Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилиниши республикамизда тадбиркорлар учун катта имкониятларнинг асоси бўлди. Ушбу фармон асосида жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз ишини йўлга қўйиш билан бирга мўмай даромад топиб, халққа хизмат қилмоқда.
Шундай имкониятлардан унумли фойдаланаётган тадбиркорлар қаторида хўжалик соҳиби Ғ.Матмуратов 2021 йилда «Farms Gafur Gulam» МЧЖ сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширди. Иш бошлаган вақтида 20 дан ортиқ ишчи билан ўз корхонаси фаолиятини бошлаган тадбиркор, халққа «Rich milk» ва «Elegato» номли 15 турдаги сут маҳсулотларини сифатли қилиб тайёрлаб, арзон нархларда етказиб бериши натижасида ҳозирги вақтда 60 дан ортиқ фуқарони иш билан таъминлашга эришди. Демак, тадбиркорларга берилган имтиёзлар уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолимиз бандлигини таъминлаш каби устувор мақсадларни амалга ошириши билан аҳамиятли бўлмоқда.
– Корхонамизнинг бир кунлик иш ҳажми тўрт тоннадан ортиқ бўлиб, асосан ўн бешдан ортиқ сут, қатиқ, қаймоқ, творог, йогурт, сузма ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариб, республикамизнинг барча жойларига шартнома асосида етказиб беряпмиз. Харидорларнинг маҳсулотларимизга бўлган талаби яхши. Келгусида маҳсулотларимиз ҳажмини янада ошириб, вилоятларга ҳам етказиб бериш ниятидамиз. Президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши натижасида ишларимиз ривожланиб бораётганидан хурсандмиз ва юртбошимиздан миннатдормиз, – дейди «Farms Gafur Gulam» МЧЖ раиси ўринбосари Ўринбосар Айгалиев.


Корхонада жадаллик билан олиб борилаётган ишлар ва маҳсулотларнинг харидорлар кўнглидан жой олиши тадбиркорларга берилган имтиёзлар, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва халқимиз бандлигини таъминлаш каби устувор мақсадларни амалга ошириши билан муҳим бўлмоқда.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги