Олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда муҳандислик таълим дастури жорий этилади

112

Мамлакатимизда муҳандислик соҳасида кадрлар етишмовчилигининг мавжудлиги ҳозирги кунда ушбу йўналишга доир таълим тизимини ривожлантиришни талаб этмоқда. Мамлакатда янги авлод муҳандис кадрларни тайёрлаш, муҳандислик мактаблари тармоғини ташкил этиш мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу маънода айтиш лозимки, айни вақтда умумтаълим ташкилотлари ўқувчиларини муҳандислик соҳасига қизиқтириш, уларнинг муҳандисликка доир ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда энг яхши натижаларга эришган умумтаълим мактабларини рағбатлантириш тизими мавжуд эмас.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида “Янги Ўзбекистон” университети ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда.

Ушбу мактабларга ўқувчиларни саралаб олиш ва қабул қилиш агентлик тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар учун белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Бунда бир синфда ўқувчиларнинг сони 24 нафардан ошмаслиги ҳисобга олинади. Муҳандислик мактабларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ўқитиладиган ўқувчиларнинг умумий чекланган сони 240 нафар этиб белгиланади.

Муҳандислик мактабларида “Янги Ўзбекистон” университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандис кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотлари билан интеграциялашган муҳандислик таълим дастури жорий этилади. Мазкур мактаблар 14 та ҳудудда ташкил этилади.

Бундан ташқари, Термиз муҳандислик ва агротехнологиялар институти, Андижон давлат техника институти, Қарши давлат техника университети, Нукус давлат техника университети, Наманган давлат техника университети, Бухоро давлат техника университети ва Фарғона давлат техника университетлари трансформация қилинади.

Тошкент шаҳрида М.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, “TashTech” Техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти янги ташкил этилади.

Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади ва дастлабки 3 йилда физика, математика ва хорижий тил фанларига, кейинги 2 йилда муҳандислик фанларига бошланғич тайёргарликка эътибор қаратилади.

Белгиланган талабларни бажарган муҳандислик мактаблари битирувчиларига муҳандислик таълим дастури бўйича тегишли таълим йўналишида бир йиллик қўшимча давлат гранти асосида 2-курсдан тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови ўтказилади. Танловнинг асосий мақсади умумтаълим мактаблари ўртасида STEM фанларини ўқитишда рақобат ва янгиликка интилиш муҳитини яратиш, умумтаълим мактабларида STEM фанлари бўйича таълим жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишга кўмаклашиш, педагог-ўқитувчиларнинг STEM фанларини ўқитишга бўлган қизиқиши ва интилишини кучайтиришдан иборат.

Танловнинг республика босқичи ғолиблари учун хорижий давлатларга таълим саёҳатини ташкил этиш, республика босқичида 1-ўринни эгаллаган умумтаълим мактабига давлат бюджети ҳисобидан муҳандисликка оид лабораториялар жамланмасини ўз ичига олган “Инновацион технопарк” ташкил этиш учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Республика босқичида 1-ўринни қўлга киритган ўқитувчи ва ўқувчилар 460 миллион сўмгача пул мукофотини қўлга киритишлари кўзда тутилган. Мазкур ташаббус 30 минг нафардан ортиқ устоз ҳамда 152 минг нафардан ортиқ ўқувчини қамраб олади.

Муҳандислик мактабларининг фаолиятини такомиллаштириш Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳисса қўшади. Биринчидан, “Янги Ўзбекистон” университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибасига асосланган муҳандислик мактаблари STEM модели асосида юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлайди.

Бу мактаблар 14 та ҳудудда ташкил қилиниб, физика, математика ва хорижий тилларга эътибор қаратган 5 йиллик таълим дастури орқали ёшларни замонавий технологик талабларга мувофиқ тайёрлайди.

Битирувчиларга тест ва имтиҳонларсиз олий таълимда ўқишни давом эттириш имконияти берилиши иш билан таъминланишни оширади ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини кучайтиради.

Бундан ташқари, Термиз, Андижон, Қарши, Нукус, Наманган, Бухоро ва Фарғонадаги техника университетларининг трансформацияси, шунингдек, Тошкентда М.Э.Бауман университети филиали ва “TashTech” каби янги институтлар ташкил қилиниши минтақавий ривожланиш ва халқаро таълим стандартларини жорий қилишга хизмат қилади.

Иккинчидан, “Илғор муҳандислик мактаби” миллий танлови орқали STEM фанлари бўйича рақобат ва инновация муҳити яратилади. 2026 йилдан бошлаб ўтказиладиган ушбу танлов таълим сифатини ошириш, педагогларнинг малакасини юксалтириш ва ўқувчиларнинг илмий-техник соҳага қизиқишини кучайтиришга хизмат қилади.

Натижада илғор технологиялар ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий ва интеллектуал салоҳияти ошади, бу эса давлатнинг узоқ муддатли тараққиётига мустаҳкам пойдевор яратади.

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА