Ёшлар тарбияси – давр талаби

101

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онги ва маънавий бойлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси билан ҳамкорликда «Жаҳолатга қарши – маърифат билан кураш!» ва «Инсон қадри ва ҳуқуқларининг устуворлиги – тараққиёт асоси» мавзуларида учрашув ташкил этилди.

Тадбирни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров олиб борди.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Нурулла Жамалов, Республика тарғиботчилар гуруҳи аъзоси, доцент Қобил Мамбетов, институтга жорий ўқув йилида 1-курсга ўқишга тавсия этилган талабалар, ёшлар тарбиясига масъул мутахассислар иштирок этди.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари ҳозирги вақтда ёшларнинг онгига турли зарарли оқимлар ва ғоялар таъсир ўтказишга уринаётгани, бундай таҳдидларга қарши фақат илм, маърифат ва соғлом дунёқараш билан курашиш мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, талабаларга инсон ҳуқуқлари ва қадриятларининг устуворлиги жамиятнинг ривожланиши ва барқарорлиги учун муҳим асос эканлиги ҳақида батафсил тушунчалар берилди.


Учрашув якунида талабалар таъкидланган масалалар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ўтказилган мазкур тадбир ёшлар онгини соғлом ғоялар билан бойитиш, уларни она Ватанга садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат ва юксак ҳуқуқий маданият руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги