Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзусида медиа-мулоқот

140

Мамлакатимизда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва уларнинг истеъмолчи сифатида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 9 сентябрь куни Марказий банк томонидан молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга бағишланган медиа-мулоқот ўтказилди.

Марказий банк 2025 йилдан бошлаб назорат самарадорлигини ошириш ва истеъмолчилар муаммоларини минималлаштириш мақсадида молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида назорат ва тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги стратегик йўналишларни белгилаб келмоқда.

“Молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш концепцияси”нинг мақсади Марказий банкда молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш моделига ёндашувни шакллантиришдан иборат.

Мазкур концепция қуйидагиларни белгилайди:

– Молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Марказий банк сиёсати асосида белгиланган истеъмолчилар фойдасига кутилаётган натижалар;

– Истеъмолчи фойдасини кўзлаб натижаларга эришиш мақсадида молиявий хизматлар кўрсатувчилар томонидан амалга оширилган фаолият;

– Молиявий хизматлар етказиб берувчиларнинг масъулиятли фаолият юритишини таъминлашга қаратилган Марказий банкнинг молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсати;

– Марказий банк сиёсати қандай қилиб истеъмолчи учун натижаларга эришишга олиб келишини тушунтирадиган сиёсат ва натижалар ўртасидаги мантиқий боғлиқлик.

Концепцияда Марказий банкнинг молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг илғор хорижий тажрибага мос келадиган ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган самарали тизимини шакллантиришга қаратилган тартибга солиш ва назорат соҳасидаги фаолиятининг устувор йўналишлари илгари сурилди.

Медиа-мулоқот якунида журналист ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олди ҳамда ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

Ойбек Пардаев (сурат)

ЎзА мухбири