Давлат хизматлари кўрсатишда талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилади

109

Давлатимиз раҳбарининг “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2028 йилгача ЯИДХП (my.gov.uz) ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сони 900 тага етказилади. Проактив давлат хизматлари сони 53 тага ҳамда композит давлат хизматлари 74 тага етказилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби, никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан суд қарорининг талаб қилиниши, автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади. ЯИДХПдаги шахсга доир маълумотлар уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади.

2025 йил 1 ноябрдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона портал) жисмоний шахсларнинг белгиланган шахсга доир маълумотлари уларнинг шахсий кабинети орқали реал вақт режимида тақдим этилади. Бунда,  жисмоний шахснинг Ягона порталдаги шахсга доир маълумотлари уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади. Ушбу маълумотлар Ягона порталнинг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда кўрсатилганда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади.

2025 йил 1 ноябрдан давлат хизматлари марказларига келиб мурожаат қилинганда, пенсионер, ҳомиладор аёллар ва 3 ёшга тўлмаган боласи билан келган фуқарога давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш бўйича имтиёз берилади. Жисмоний шахсларни ягона идентификация тизимидан (OneID) рўйхатдан ўтказишда муқобил тарзда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face ID) тартиби йўлга қўйилади. Давлат хизматлари марказларига Ягона портал орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 январдан “Vakolat.uz” платформаси ишга туширилади. Унда давлат хизматларидан фойдаланиш ва давлат хизмати натижаларини олиш бўйича бошқа шахсларга ишончномаларни расмийлаштириш, юридик шахслар томонидан расмийлаштирилган ишончномаларни ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш, барча турдаги ишончномаларнинг ҳақиқийлигини онлайн режимда текшириш имкони яратилади. “Vakolat.uz” платформасидан бепул асосда фойдаланиш йўлга қўйилади.

2026 йил 1 январдан Давлат хизматлари ягона реестри Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган “Давлат хизматлари” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида юритилади.

Бунда, ҳар бир давлат хизмати бўйича унинг рақамли паспорти шакллантирилади ҳамда ҳар бир давлат хизматини Давлат хизматлари ягона реестрига киритиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида амалга оширилади.

Н.Абдураимова,

ЎзА