Коммунал соҳадаги маблағлар тўлиқ ўзлаштирилмагани куз-қишга тайёргарликка таъсир қилмайдими?

104

Қуйи палата мажлисида ярим йиллик бюджет ижроси бўйича ҳисобот муҳокамаларида “Ташаббусли бюджет” жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Маълум қилинганидек, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг биринчи мавсуми доирасида 23 мингта лойиҳа тақдим этилган. Унда 10 млн.га яқин фуқаро иштирок этди.

Мавсум якунига кўра, умумий қиймати 3,3 трлн. сўмлик  2 минг 419 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Бу 2011 та маҳаллага тўғри келди. 813 та маҳалла икки мавсумда кетма-кет ғолиб бўлгани боис кейинги мавсумда уларга танаффус эълон қилиниб, жорий иккинчи мавсумда иштирок этиш имконияти чекланди. Натижада 2-мавсум давомида аввал бирор марта ғолиб бўлмаган 408 га яқин маҳалла илк марта ғолиб бўлди.

Натижада ҳудудлардаги ички йўлларни, мактаб ва тиббиёт ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш каби лойиҳаларга маблағлар йўналтирилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, вазир Президентнинг тегишли қарори билан халқ вакилларининг ташаббусли бюджет жараёнидаги иштироки кенгайгани, уларнинг таклифи билан ғолиб бўлмаган лойиҳалар молиялаштириб берилишига тўхталди. Бу депутатларнинг жойлардаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.

Шу билан бирга, ҳисоботда давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Муҳокамаларда депутатлар эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигига эътибор қаратиб, бир қатор саволларни ўртага ташлади.

Хусусан, депутат Атҳамжон Назирқулов шаҳарсозлик норма ва қоидаларини таъминлаш мақсадларига ажратилган бюджет маблағларининг атиги 22 фоизи ишлатилганлигини таъкидлаб, маблағларнинг ўз вақтида ишлатилмаганлигининг сабаби билан қизиқди. Шунингдек, бу куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларига таъсир қилмайдими, деган саволни берди.

Бунга жавобан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари иссиқлик таъминоти соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, ҳисобот даврида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун бюджетдан 28 млрд. сўм ажратилган. Бунинг ҳисобига 53 та қозонлар ва иссиқлик таъминоти тизимлари таъмирланиши кўзда тутилган. Бугунги кунда 31 та қозонлар мукаммал таъмирлангани, 1 октябрда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари тўлиқ якунланишини маълум қилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА