Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчи таҳлил марказлари Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади

Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) ва Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши (Indian Council of World Affairs – ICWA) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш бўйича онлайн-тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Меморандум МОХИ директори Жавлон Ваҳобов ва ICWA бош директори вазифасини бажарувчи Нутан Капур Махавар томонидан имзоланди. Тадбирда Ўзбекистоннинг Деҳлидаги ва Ҳиндистоннинг Тошкентдаги элчихоналари вакиллари иштирок этди.
Мазкур ҳужжат томонлар ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқотлар, таҳлилий фаолият, илмий-амалий семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказишни назарда тутади. Ушбу ташаббус Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, хусусан, халқаро масалалар бўйича илмий-таҳлилий алоқаларни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Томонлар меморандум Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги экспертлар даражасидаги мулоқотни кенгайтириш ва институционал алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини қайд этди.
Ҳиндистонлик экспертлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган прагматик, изчил ва ўзаро ишончга асосланган минтақавий сиёсат Марказий Осиёни тинчлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик макони сифатида шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим омил бўлаётганини эътироф этди.
Таъкидлаш лозимки, бу билан Ҳиндистон халқаро муносабатлар кенгаши Ўзбекистоннинг тўртинчи таҳлилий муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. ICWA Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Ташқи сиёсий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар маркази ҳамда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан илмий-академик алоқаларни ривожлантириб келмоқда.
ICWA Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида фаолият юритадиган халқаро муносабатлар, геосиёсат ва дипломатия йўналишларида тадқиқотлар олиб боришга ихтисослашган етакчи таҳлил марказлардан бири ҳисобланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги