Инсон қадри ва ҳуқуқлари устуворлиги – тараққиёт асоси

128

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида замонавий жамиятни барқарор ва адолатли ривожлантиришга қаратилган икки муҳим мавзу – «Жаҳолатга қарши – маърифат билан кураш!» ва «Инсон қадри ва ҳуқуқларининг устуворлиги – тараққиёт асоси» бўйича тадбирлар ўтказилди.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Н.Жамалов, университетнинг Инсон ҳуқуқлари, давлат ҳуқуқи ва бошқарув кафедраси доценти Х.Кабулов, Сиёсатшунослик ва маънавият асослари кафедраси ўқитувчиси Г.Алимбетова ва талабалар иштирок этди.

Тадбирни университетнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алауатдинов олиб борди.

Унда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ёвузлик – бу илмсизлик бўлиб, илмсиз ҳеч қачон тараққиётга эришиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган «Тараққиёт стратегияси»да белгилаб берилган етти устувор вазифанинг бешинчисида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, «Муқаддас ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида униб-ўсиб келаётган ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратамиз. Маълумки, Ўзбекистон – улкан имкониятлар ва бойликларга эга давлат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир,» – деб айтиб ўтган эди.

– Ушбу учрашувнинг асосий мақсади – жамиятнинг ривожланишида илм-маърифат ва инсон ҳуқуқларининг ўрни, жаҳолат (билим ва маърифат етишмаслиги, камситувчи стереотиплар, ёлғон маълумотлар ва радикал қарашлар) билан курашишнинг самарали йўлларини аниқлаш, шунингдек, инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойилларини олий таълим муассасаларида ва кенг жамоатчиликда чуқурлаштириш ҳисобланади. Бу ташаббус мамлакатимизда барқарор ривожланиш, ижтимоий ва миллий қадриятларни асраш учун муҳим ҳисобланади, – дейди Дин ишлари бўйича қўмитанинг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Н.Жамалов.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа давр мобайнида жамиятимизнинг бош мезони маънавият ва муқаддас динимизнинг инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, «Жаҳолатга қарши – маърифат» тамойили асосида улкан ўзгаришлар амалга оширилди.

Афсуски, мамлакатимизда амалга оширилаётган шундай ислоҳотлар ва тарихий янгиланишларга, ёшлар учун яратилаётган имкониятларга қарамасдан терроризм, экстремизм ва шу каби иллатларга билиб-билмай аралашиб қолаётган ёшлар ҳам орамизда учраб турибди.

Ҳозирги вақтда кўз ўнгимизда дунёнинг турли нуқталарида рўй бераётган иқтисодий ва ижтимоий, ахборот-коммуникация соҳаларидаги ўзгаришлар, турли мафкуралар тўқнашуви кескин тус олаётган бир вазиятда, фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Ўтказилган тадбирда ёшлар ўртасида шу йўналишдаги тарғибот ва тушунтириш ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Шунингдек, тадбирда фаол ёшлар ҳам сўзга чиқиб, жаҳолатга қарши – маърифат ғояларини ёшлар орасида кенг ёйиш мақсадида ўзларининг фикр ва таклифларини билдириб ўтди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги