Афғонистон Бош вазири ўринбосари Ислом Амирлигини тан олишга чақирди

Афғонистон Бош вазири ўринбосари Абдул Салом Ҳанафий шанба куни Кобулда бўлиб ўтган “Инвестиция жалб қилиш ва Афғонистон энергетика секторини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги халқаро конференцияда жаҳон ҳамжамиятини афғон активларини қайтариш ва Ислом Амирлигини тан олишга чақирди. Бу ҳақда маҳаллий расмий ахборот агентлиги хабар тарқатди.
— Бугунги кунда Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида бўғин бўлишга интилмоқда, — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган нашр. — Жаҳон ҳамжамияти музлатилган афғон активларини қайтариши ва Ислом Амирлигини тан олиши керак.
Дунё иш ўринлари яратиш ва ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган иқтисодий лойиҳалар амалга оширишда мамлакатимизни қўллаб-қувватлаши керак. Афғонистон мувозанатли сиёсат олиб боради, минтақадаги ва бошқа барча давлатлар билан ўзаро ҳурматга асосланган яхши муносабат ўрнатишга интилади. Ҳудудимиздан ҳеч бир мамлакат ҳеч кимга қарши фойдаланишига рухсат берилмайди. Бу амалдаги ҳукуматнинг қатъий сиёсати. Юртимизга сармоя киритиш учун қулай шарт-шароит яратилган, мавжуд маълумотга кўра, мамлакатда сув ёрдамида 24 000 мегаваттдан ортиқ энергия ишлаб чиқариш салоҳияти бор. Ҳозир электр энергияси таъминотининг 80 фоизи ички манбалар ҳисобига тўғри келади. Шунингдек, қисман Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистондан импорт қилинади.
С.Раҳимов, ЎзА