Кўчаларда рейд: қарздорларнинг автотранспортлари жарима майдонига жойлаштирилмоқда

126

Шу кунларда Мажбурий ижро бюроси томонидан қарздорликларни мажбурий тартибда ундириш бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда қўшма рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари томонидан қарздорлар расман огоҳлантирилиб, ушбу қарздорлик бартараф этилмаса ҳуқуқий оқибатлари ҳақида тушунтириш берилган.

Тадбир давомида жарималарини белгиланган муддатда тўламаган фуқаролар замонавий технология – AVTOCON махсус аппарати ёрдамида аниқланиб, 21 минг 353 та маъмурий жарималардан 9,3 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилган.

Шунингдек, жаримани тўлашдан бош тортган 1 минг 831 нафар қарздорнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.

Ўтказилган тунги рейд тадбирларининг бир кунида 630 миллион сўмга яқин 1 минг 36 та ижро ҳужжати ижроси таъминланиб, қарздорлиги бўлган ва ўз муддатида бартараф этилмаган 27 нафар қарздорнинг автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги