Халқимизнинг баҳодир фарзанди, санъатимизнинг фидойи дарғаси

142

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Тадбирда турли вазирлик ва идоралар, ижодий ташкилотларнинг вакиллари, ижодкор зиёлилар, санъатга меҳри баланд юртдошларимиз иштирок этди.

Сарой фойесида устоз санъаткор ҳаёти, фаолияти ва серқирра ижодидан сўзловчи кўргазма ташкил этилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Баҳодир Йўлдошевнинг фаолияти, ижоди, инсоний фазилатлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Эътироф этилганидек, Баҳодир Йўлдошев маънавий мезонлари ғоятда юқори бўлган, камчиликлар, иллатларга ниҳоятда муросасиз, Ватанни, халқини севадиган, миллий санъатимиз равнақини умр мазмунига айлантирган ижодкор эди.

У замон ва макон қонуниятларини, инсон психологиясини теран англаган санъаткор эди. Баҳодир Йўлдошевнинг бевосита режиссёрлигидаги спектакллар миллий театр санъатимизнинг бебаҳо хазинасига айланган. Ватанимизнинг Мустақиллик, Наврўз байрамлари, Халқаро мақом ва бахшичилик санъати фестивалларининг мусиқий дастурини тайёрлашда алоҳида фидойилик ва жонбозлик кўрсатган ижодкор эди.

Давлатимиз раҳбари Баҳодир Йўлдошев ижодига, унинг шахсиятига доимо катта эҳтиром, алоҳида меҳр ва ғамхўрлик, ҳурмат билан эътибор қаратади. Бу Президентимизнинг шу йилнинг август ойида қабул қилган фармони асосида “Дийдор” театр-студиясти бадиий раҳбари Баҳодир Йўлдошевни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаганида ҳам ўзининг яққол ифодасини топди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Афзал Рафиқов, Элёр Носиров, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Фарҳод Абдуллаев, Муножат Тешабоева, Ўзбекистон халқ арстисти Абдуҳошим Исмоилов Баҳодир Йўлдошевнинг инсоний фазилатлари, ишга, ижодга садоқат билан ёндашуви ҳақида батафсил сўзладилар.

Устоз санъаткор ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ғоят таъсирчан ва самимий руҳи билан тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

– Ўша даврда “Келинлар қўзғолони” спектаклининг саҳналаштирилиши чин ижодий қўзғолон эди, – деди Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев. – Буни Баҳодир Йўлдошевнинг ўша даврнинг камчиликларига, иллатларига нисбатан қўзғолони эди, дейиш мумкин.

Тантанали тадбирда спектакллардан намуналар, бадиий фильмлардан лавҳалар намойиш этилди. Дилбар куй-қўшиқлар, жозибали рақслар кечага янада файз бағишлади.

 

Назокат УСМОНОВА,

ЎзА мухбири