Тиббиёт муассасаларидаги стерилизация бўлимлари талаб даражасида эмас

134

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси ҳамда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Мазкур масала юзасидан иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов ахборот тақдим этди.

Депутатлар ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ҳажми ортгани, аҳолининг ижтимоий ҳимояси, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмани такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилганини қайд этди. Шунингдек, Давлат бюджети ижросидаги юқори натижаларни эътироф этган ҳолда айрим муаммоли масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, инвестиция дастурларига кирган лойиҳалар, айниқса, таълим, тиббий хизматлар билан боғлиқ лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилмаётгани сабаблари таҳлил қилинди.

Шунингдек, депутатларнинг ҳудудлардаги ўрганишлари давомида туғуруқ комплекслари, йирик тиббиёт муассасаларида тиббий асбоб-анжомларни зарарсизлантириш, стерилизация қилиш ишлари талаб даражасида эмаслиги кузатилаётгани айтиб ўтилди. Фракция вакиллари бу борада қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқдилар.

Бунга жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси ҳудудлардаги тиббиёт масканларининг стерилизация бўлимлари 28 фоизи аутсорсингга берилганини маълум қилди. Шу билан бирга, 78 та туман ва шаҳарда стерилизация тизими янгидан жорий қилинаётганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, йиғилишда жамоат транспорти соҳаси ҳалигача ўзини-ўзи қоплаш даражасига чиқмаётгани, шунинг учун Давлат бюджетидан қўллаб-қувватланаётгани танқид қилинди. Ҳукумат вакилларининг таъкидлашича, жамоат транспортида тарифларнинг қайта кўриб чиқилмагани, темир йўл инфратузилмасининг ҳозирги фаол талабларга етарлича жавоб бермаётгани, соҳада рақобат муҳитининг ривожланиши қийин кечаётгани муаммоларга сабаб бўлмоқда.

Муҳокамаларда ЎзХДП электорати ва дастурий мақсадлари билан узвий боғлиқ бўлган бандлик ва иш ўринлари яратилиши масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Шундан сўнг йиғилишда ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, фарзандларга нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ёки мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар, шунингдек, 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматларидан фойдаланилганда, ҳар бир фарзанд учун тўланадиган ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлар солиқдан озод қилиниши кутилмоқда.

Муҳтарама Комилова, ЎзА