Қурилишдаги камчилик ва муаммолар муҳокама қилинди

131

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида уй-жой қурилиши ва уни молиялаштиришга оид масалалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда туманлар ҳокимлари, давлат кадастрлари палатаси, тижорат банклари ва қурилиш ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов олиб борди.

Унда қайд этилганидек, 2024-2025 йилларда банк кредитлари ҳисобидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйларнинг аксариятида амалий ишлар белгиланган муддатдан орқада қолмоқда. Шунингдек, қуриб битказилган ва сотилган квартиралар бўйича Давлат кадастрлари палатаси тақдим этган маълумотлар таҳлил қилиниб, қурилиш корхоналарининг банкларга кредит олиш учун топширган ҳужжатлари ва уларнинг ҳолати ҳам танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, айрим корхоналарда молиявий ҳисоботлар кечикаётгани, лойиҳалар аниқ режалаштирилмагани ва сифат билан боғлиқ камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Шулар қаторида йиғилишда қурилиши ва топширилиши белгиланган уй-жойлар ҳақида маълумотлар берилиб, қўшимча уй-жойлар қуриш учун аукцион савдоларига чиқарилаётган ер майдонлари масаласи ҳам муҳокама қилинди.



Йиғилиш давомида Вазирлар Кенгаши Раиси мутасаддиларга уй-жой қурилишини белгиланган муддатларда ва сифат талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда амалга ошириш, банк кредитлари асосида молиялаштириш жараёнини шаффоф ташкил этиш ҳамда уй-жой бозорида ортиқча бюрократик тўсиқларга йўл қўймаслик бўйича қатъий кўрсатмалар берди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги