Mobiuz Қорақалпоғистон ва Хоразмда SWAP лойиҳасини амалга оширмоқда

Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Mobiuz тармоқларини модернизация қилиш биринчи босқичи натижаларига бағишланган расмий тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва «Ўзкомназорат» инспекциясининг ҳудудий бошқармалари вакиллари, Mobiuz ва ZTE Uzbekistan раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Mobiuz мобил оператори инвестиция стратегиясини фаол амалга ошираётгани таъкидланди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига SWAP лойиҳасининг биринчи босқичи натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Сўнгги йилларда барча ҳудудларда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли ва бизнес учун рақамли хизматларни жорий этиш бўйича давлатимиз томонидан белгиланган йўналиш доирасидаги вазифалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Mobiuz тармоқлари ва ускуналарини модернизация қилиш SWAP лойиҳасининг амалга оширилиши бунинг яққол мисоли ҳисобланади. Лойиҳани амалга ошириш учун телекоммуникация технологиялари соҳасидаги жаҳон етакчиларидан бири – ZTE Corporation компанияси жалб этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги тармоқларни техник қайта жиҳозлаш лойиҳасининг умумий қиймати 30 миллион доллардан зиёд бўлиб, бугунги кунга қадар 13 миллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилди. SWAP лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда 314 радиорелей оралиғи ва 268 таянч станция алмаштирилди. 637 та янги таянч станция ишга туширилди.
Тадбир доирасида мобил интернет тезлигининг жонли ўлчовлари ўтказилди. Келгусида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида SWAP лойиҳаси давом эттирилиши ва кенгайтирилиши қайд этилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги