Рақамли суд: Қонун устуворлигига замонавий ёндашув

Чимбой туманидаги Дўстлик макан фуқаролар йиғинида суд органи ходимларининг ҳудуд аҳолиси билан учрашуви ўтказилди.
Тадбирда Чимбой туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Бекмуратов ва жиноят ишлари бўйича Чимбой туман судининг тергов судьяси Р.Каукишев иштирок этди.
Учрашувда судьялар томонидан фуқароларга Президентимизнинг 2025 йил 21 августда қабул қилинган «Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг аҳамияти кенг тушунтирилди. Таъкидланганидек, Президентимизнинг жорий йил 21 августдаги ПФ-140-сон Фармони суд тизимида рақамлаштиришни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу фармонга кўра, энди суд ишларини электрон шаклда юритиш имкониятлари кенгайтирилади. Сунъий интеллект асосида ишлайдиган таҳлил платформалари жорий қилиниб, «ақлли суд заллари» ва онлайн мурожаат тизимлари кенг кўламда иш бошлайди. Шунингдек, суд қарорларининг очиқлигини таъминлаш учун очиқ маълумотлар базаси яратилади.
Фуқаролар учун судларга мурожаат қилиш, ишларни кузатиш ва қарорлар билан танишиш жараёни анча енгиллаштирилади.

Юқорида таъкидланганидек, Президентимизнинг ушбу фармонлари суд тизимида янги босқични бошлаб бермоқда.
– Соҳага сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши, суд биноларининг моддий-техник таъминоти яхшиланиши, судьялар малакаси оширилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, – дейди жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани судининг тергов судьяси Р.Каукишев.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси