Арманистон Бош вазири самолёти Озарбайжон ҳудудидан учиб ўтди

159

Никол Пашиняннинг самолёти хорижга сафари чоғида илк бор Озарбайжон ҳаво ҳудудидан фойдаланди, деди Арманистон Бош вазири матбуот котиби Назели Багдасарян.

— 30 августдан 31 августга ўтар кечаси Бош вазир самолёти Озарбайжон ҳаво ҳудуди орқали хорижий сафарга жўнаб кетди ва 6 сентябрга ўтар кечаси Арманистонга қайтди, — деб ёзди Багдасарян ижтимоий тармоқда. — 8 август куни Вашингтонда тинчлик ўрнатилгач, мамлакатнинг тегишли идоралари Озарбайжондан учиб ўтиш учун ҳаво йўлаги ажратишни сўраган ва ижобий жавоб олган.

Бу воқеани минтақадаги алоқаларни тақиқдан чиқариш, тинчлик дастурини илгари суриш ва ўзаро ишонч муҳитини яратиш йўлидаги амалий қадам, деб биламиз. Озарбайжон самолётлари эса анчадан буён Арманистон ҳаво ҳудуди орқали асосий ҳудуд ва Нахчивон Мухтор Республикаси орасида парвоз қилиб келяпти.

Август ойи охирида Пашинян Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Хитойга, кейин эса Японияга борди.

С.Раҳимов, ЎзА