Ёшлар етакчилари Хитойда малака оширмоқда

128

Мамлакатимизда ёшлар етакчилари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ёшлар билан узвий боғланиб, уларга яқиндан кўмак беришларига имконият яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан Ёшлар ишлари агентлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ёшлар етакчиларининг бир гуруҳи ҳозирда Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекинда жойлашган Давлат бошқаруви миллий академиясида малака оширмоқда.

Маълумотларга кўра, Давлат бошқаруви миллий академияси Хитойда давлат хизматчилари ва раҳбар кадрларни тайёрлаш бўйича энг нуфузлилардан бири ҳисобланади.

Ўқув жараёнида ёшлар етакчилари давлат бошқарув тузилмасини ўрганиб, халқаро тажриба асосида янги ғоялар ишлаб чиқиш ва уларни маҳаллаларда татбиқ этиш кўникмаларини ривожлантирмоқда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, академия ёшларга давлат бошқаруви, стратегик режалаштириш, инновацион менежмент ва ижтимоий ривожланиш йўналишларида илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш имкониятини беради.

Гулноза Бобоева,

ЎзА