Ўзбекистон — Венгрия парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

111

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Венгрия Миллий ассамблеяси раиси ўринбосари Иштван Якаб билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги муносабатларни, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбек ва венгер халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари боғлаб туради. Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродалари, олий даражадаги учрашувлари туфайли Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик изчил ривожланиб, барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида Венгрияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириб, икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқди.

Суҳбат давомида Қонунчилик палатаси Спикери меҳмон томонига янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, унинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолияти ҳақида маълумотлар берди.

Ўз навбатида, И.Якаб илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этди. Хусусан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари халқаро дипломатия марказларига, йирик халқаро тадбирлар – форумлар, саммитлар ва анжуманлар ўтказиладиган масканга айланиб бораётганини таъкидлади.

— Ўзбекистон — Венгрия ўртасидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда. Биз мамлакатингизда амалга оширилаётган ўзгаришларни катта қизиқиш билан кузатиб бораяпмиз. Барча соҳаларда жумладан, парламентаризмда кечаётган жараёнлар эътиборимизни тортмоқда. Венгрия Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг кенг спектрида бирга ривожланишнинг тарафдори ва бунга доимо тайёр, — деди И.Якаб.

Мулоқотда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш, парламент дипломатияси салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш учун тегишли қўмиталар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА