Янги ўқув йили эзгулик ва эътибор билан бошланди

147

Юрт келажаги бўлмиш ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, маърифатли ва ватанпарвар бўлиб вояга етишида таълимнинг ўрни беқиёсдир. Болаларнинг билим олишга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиш имкониятларини таъминлаш бугунги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан биридир. Айниқса, янги ўқув йили бошланганида бу каби эътибор ва ғамхўрлик ёшлар қалбида катта таъсир қолдиради.

Шу эзгу мақсад йўлида 2-сентябрь — Билимлар куни муносабати билан Амударё туманида амалий ташаббус амалга оширилди. Туман ҳокимининг бевосита ташаббуси билан 200 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзандларига мактаб формаси тантанали равишда тақдим этилди.

Тақдимот маросимида туман ҳокимининг ўринбосарлари — Г.Сабурова ва Н.Камолов, шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Я.Шомуратов иштирок этди. Улар болаларга янги форма улашар экан, самимий тилаклар билдириб, янги ўқув йилида омад ва муваффақиятлар тилашди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Бундай тадбирлар нафақат ўқувчиларнинг юзида табассум уйғотади, балки уларнинг қалбида билим олишга бўлган иштиёқни янада оширади. Мактаб формаси билан таъминланган болалар янги ўқув йилини кўтаринки кайфиятда бошлаш имконига эга бўлишди.


Билим ва маърифатни устувор қадрият сифатида белгилаган юртимизда болалар учун яратилаётган имкониятлар — келажакка қўйилаётган мустаҳкам пойдевордир. Амударё туманида ўтказилган мазкур тадбир ҳам ана шу эзгу ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги