Дастлабки паxтa карвони қабул қилинди

165

Қишлоқ хўжалиги — мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган тармоқлардан бири ҳисобланади. Айниқса, пахтачилик соҳаси юртимизда минг йиллик анъаналарга эга бўлиб, ҳозирги кунда ҳам иқтисодий барқарорлик ва аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш мақсадида махсус терим отрядлари шакллантирилди. Терим мавсумида 16 минг 115 нафарга яқин теримчи иштирок этиши режалаштирилмоқда. Улар учун далаларда барча шарт-шароитлар яратилган — меҳнат жараёни самарали ва хавфсиз ўтиши учун зарур шароитлар ташкил этилган.

Беруний туманидаги пахта тозалаш заводига жорий йилнинг илк пахта карвони етиб келди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Ш. Тешаев, Беруний тумани ҳокими И.Хидиров, қишлоқ хўжалиги мутахассислари, нуронийлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Йиғим-терим мавсуми олдидан яхши ниятлар билдирилиб, дуога қўл очилди. Фермер хўжлик ишчилари ва механизаторлар муносиб рағбатлантирилди. Сўнг, паҳта қабул пунктларига топширилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

2025 йилда Беруний туманида 8 500 гектар майдонга паҳта чигити экилган. Бугунги кунда далаларда меҳнат қилаётган фермерлар, механизаторлар ва кўнгилли теримчиларнинг саъй-ҳаракатлари орқали мана шу меҳнат самараси кўзга кўрина бошлади.

Ҳосилни юзага чиқариш осон бўлмаганидек, уни тўлиқ йиғиб олиш ҳам масъулият талаб этади. Шу боис, барча теримчиларга зўр куч, сиҳат-саломатлик ва омад тилаймиз.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги