Сартарошхона ва гўзаллик салонлари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг етакчи тармоғи

Сартарошхона ва гўзаллик салонлари хизматлари соҳаси республика иқтисодиётининг хизмат кўрсатиш секторида етакчи тармоқлардан бирига айланмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистонда сартарошхона ва гўзаллик салонлари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 7 триллион сўмга етди. Ҳозирда сартарошхона ва гўзаллик салонлари хизматлари нафақат аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, балки ҳудудлар иқтисодий фаоллигини оширишда ҳам муҳим ўрин тутмоқда.
Ҳудудлар кесимида хизматлар ҳажми Тошкент шаҳрида энг юқори бўлиб, 1228,9 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Шу билан бирга, Фарғона вилояти – 952,8 миллиард сўм, Самарқанд вилояти – 878,6 миллиард сўм, Наманган вилояти – 765,5 миллиард сўм, Тошкент вилояти – 708,3 миллиард сўм, Андижон вилояти – 446,1 миллиард сўм, Қашқадарё вилояти – 425,8 миллиард сўм, Хоразм вилояти – 345,1 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикаси – 328 миллиард сўм, Сурхондарё вилояти – 243,1 миллиард сўм, Бухоро вилояти – 228,1 миллиард сўм, Навоий вилояти – 222,8 миллиард сўм, Жиззах вилояти – 148,2 миллиард сўм, Сирдарё вилоятидан 95 миллиард сўмни ташкил этган.

Ҳудудларда аҳоли зичлиги ва иқтисодий фаоллик юқори бўлиши, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасидаги инфратузилманинг ривожланиши ушбу кўрсаткичларга таъсир кўрсатмоқда.

Сартарошхона ва гўзаллик салонлари хизматлари ҳажмининг ўсишида бир қанча омиллар роль ўйнади. Аввало, аҳоли яшаш даражасининг яхшиланиши, шаҳар ва туманларда хизмат кўрсатиш инфратузилмасининг кенгайиши ва сифатининг ошиши бу борада муҳим таъсир кўрсатди. Шунингдек, ёш авлод орасида гўзалликка бўлган талаб ошгани, мода ва шахсий парваришга қизиқишнинг ривожланиши хизматлар ҳажмини кўпайтирди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА