Хотин-қизлар фаоллиги  оширилмоқда

119

Амударё тумани ҳокимлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова иштирокида “Маҳалла еттилиги” масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Йиғилишда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни мавсумий ва доимий иш ўринларига жалб этиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларни камайтириш, шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларни ижтимоий фаолликка жалб этиш ва оилавий тадбиркорликни кенгайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.

Тадбир давомида маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, муаммо ва камчиликларга ечим сифатида ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Бундай ёндашув, аввало, маҳалланинг ўзида масалаларни бартараф этиш, хотин-қизларга манзилли ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз салоҳиятини тўла намоён этиши нафақат оила, балки маҳалла ва бутун мамлакат тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, бу каби амалий учрашувлар тизимли равишда ўтказилиши эзгу мақсадлар рўёбида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги