Интенсив дипломатия халқимиз манфаатига хизмат қилмоқда

160

Мушоҳада

Ўтган саккиз йилда Президентимиз Ўзбекистоннинг янги, замонавий, интенсив дипломатия услубини яратди. Хитой Халқ Республикасида беш кун давом этган расмий ташриф йилнинг жуда муҳим сиёсий воқеаси бўлди, десак, адашмаймиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Тяньцзинь саммити ва “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мулоқотлардаги иштироки, Хитой Халқ Республикаси Раиси, Россия Федерацияси Президенти, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири, ушбу мамлакатнинг обрўли компаниялари раҳбарлари билан ўтказган самарали музокараларининг аҳамияти беқиёс. Ҳар бир учрашув ва ташаббусларида халқимизнинг манфаатлари акс этди.

Шу ўринда қуйидаги рақамга эътибор беринг. 2024 йилдаги глобал тўқимачилик бозорининг ҳажми тахминан 1 триллион доллар атрофида баҳоланган, эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хўш, талаб ортиб бораётган дунё бозорига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган бу турдаги товарларни етказишда энг муҳим масала нима? Албатта, транспорт ва логистика. Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқин қўшничилик ва самарали ҳамкорликни ифода этган ташқи сиёсати ва ташаббуси билан 2024 йил декабрда Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишига старт берилди. 2025 йил июль ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон транс-афғон темир йўлининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича уч томонлама ҳадли битим имзоланиб, бу йўлни қуриш борасида муҳим қадам қўйилди.

Давлатимиз раҳбари “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти плюс” форматидаги мажлисда илгари сурган ташаббуслардан бири айнан мана шу икки йўлакни бир-бири билан боғлашни назарда тутади. Бу ташаббусни амалга ошириш ШҲТ ва Глобал Жануб маконида жойлашган барча мамлакатлар учун жуда зарур.

Ўзбекистон энг яқин қўшниларидан бири бўлган Афғонистон билан кейинги йилларда тинчлик ва тараққиёт йўлида таъсирчан ва натижали мулоқот қилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад — Афғонистоннинг барқарор ва замонавий тараққиётга эришишига яқиндан ёрдам бериш. Узундан-узоқ мушоҳадалар эмас, аниқ рақамларнинг ўзи кўп нарсаларни изоҳлаб беради. Интернетдаги расмий манбаларга кўра, бугун Афғонистонда 40 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу, аввало, жуда катта бозор дегани. Қолаверса, бу мамлакатда инсон ресурслари ва капиталининг ривожланишидан унга қўшни бўлган барча мамлакатлар бирдек манфаатдор. Шу маънода Президентимиз халқаро ҳамжамиятнинг Афғон ҳукумати билан конструктив мулоқоти минтақанинг умумий мақсадларига мос келишига алоҳида урғу берди.

Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкори сифатида Хитой мамлакатимиздаги кўламдор ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда энг кўп сармоя киритаётган давлатлардан биридир. Инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан ошмоқда. Ўтган йилнинг ўзида 10 миллиард доллардан ортиқ 64 та лойиҳа ишга тушди. Янги корхоналарда минглаб ватандошларимиз ишли бўлмоқда. Бу параллел равишда иккита муҳим мақсадга хизмат қилмоқда. Биринчиси, одамларимиз замонавий корхоналарда ишлаяпти. Иккинчидан, юқори технологик кўникмаларни эгаллаб, рақобатбардош мутахассисга айланяпти.

Президентимизнинг Хитойга ташрифи доирасида халқаро миқёсда катта обрўга эга “China National Building Materials” (CNBM), “China National Petroleum Corporation” (CNPC), “China National Nuclear Corporation”, “Henan Investment Group” компаниялари раҳбарлари билан музокаралари Ўзбекистонда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, яна минглаб юртдошларимизни иш билан таъминлашга қаратилган. Мамлакатимизга юқори, илғор, инновацион ҳамда мураккаб илмий-тадқиқот ва муҳандислик технологияларига эга қудратли корхоналарнинг кириб келишига замин яратилмоқда.

Масалан, “China National Building Materials” (CNBM) компанияси 28 та, жумладан, АҚШ, Германия ҳамда БАА каби дунёнинг ривожланган давлатларида 40 га яқин филиалга эга. Ёки “China National Petroleum Corporation” (CNPC) ишлаб чиқариш саноатида инқилоб қилган жамоалардан бири. У энергетика, юқори кучланишли электр узатиш, рақамли инфратузилма ва оптик толали алоқа, онлайн савдо, “ақлли” логистика, булутли технологиялар ва сунъий интеллект, биомуҳандислик ва биомониторинг станцияларини, маълумотларни катта ҳажмларда қайта ишлаш технологияларини ривожлантиришда энг сўнгги тажрибаларни жорий қилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга расмий ташрифи сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Кўп қутбли тизим, геоиқтисодиёт, минтақавий интеграция, ишончни мустаҳкамлаш чоралари каби кучли ҳаётий эҳтиёжларни акс эттирувчи халқаро сиёсат шароитида барча мамлакатлар ўз манфаатларини илгари сураётгани табиий. Мана шундай вазиятда нуфузли хорижий давлатлар раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон етакчисининг ташаббуслари халқаро кун тартибини белгилашда асосий векторлардан бири бўлмоқда. Бу, албатта, эътирофга лойиқ.

Ғуломжон Самадов, 
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Матбуот хизмати раҳбари, сиёсатшунос