ШҲТ саммити якунлари муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб Президентимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги тарихий нутқининг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, саммитда ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, ташкилот фаолиятини такомиллаштириш истиқболлари муҳокама қилиниб, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари Хитой Халқ Республикасига ташрифи доирасида ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан ҳам учрашди. Сўнгги йилларда Хитой бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши йилдан-йилга кучаймоқда. Ўзбекистонга энг кўп сармоя киритаётган давлатлардан бири сифатида Хитойнинг инвестиция лойиҳалари портфели 60 миллиард доллардан ошмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Компаниялар раҳбарлари билан учрашувлар янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Фракциянинг келгуси йиғилишида Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижросини кўриб чиқиш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, депутатлар бюджет ижросини дастлабки тарзда кўриб чиқишди. Давлат бюджети муҳокамасида партия ғояларидан келиб чиқиб қандай масалаларга эътибор қаратиш зарурлиги бўйича ўзаро фикр алмашдилар.
Қайд этилганидек, ҳудудларда аҳоли бандлиги ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича чоралар ҳамда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ўсган.
Шунингдек, фракция аъзолари таълим-тарбия, мактабларни дарсликлар ва ўқув қўлланмалари билан тўла таъминлаш борасидаги масалаларга эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида бу борада самарали ишлар қилингани, жумладан, дарсликлар билан боғлиқ харажатлар учун 784,8 млрд сўм, мусиқа анжомлар хариди учун эса 49,4 млрд сўм сарфлангани қайд этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА