Ташаббусли бюджет жараёнларида халқ вакилларининг иштироки кенгаяди

Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
Хусусан, депутатлар давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йиллигидаги ижросини дастлабки тарзда кўриб чиқдилар. Фракция аъзолари бюджетнинг ярим йиллик ижроси давомида экология йўналишига ажратилган маблағлар ва улардан самарали фойдаланиш ҳолатларига алоҳида эътибор қаратдилар. Ушбу йўналишдаги амалий ишлар билан бирга ижроси таъминланмаган вазифаларга тўхталиб ўтилди. Депутатлар фракциянинг келгуси йиғилишида ҳукумат аъзолари олдига бу борада қўйиладиган масалаларни келишиб олдилар.
Шундан сўнг йиғилишда 2025 йил 29 августда қабул қилинган “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг аҳамияти, депутатлар олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мазкур қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан депутатлар ҳар йили ташаббусли бюджет жараёнларида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга таъсир қиладиган 2 та лойиҳани (ҳар мавсумда 1 тадан) “Очиқ бюджет” ахборот порталида танлайди. Мазкур танлов лойиҳани республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади.
Мазкур жараёнларда ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга 1 йилда 2 мавсумга БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.
Фракция аъзолари ушбу янги тизим ташаббусли бюджет жараёнида янада самарали кечишини, жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Бу борадаги ишларни олиб бориш механизмларини яратиш масаласи муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар билдирилди.
Шунингдек, йиғилишда фракция аъзоларининг 26-28 август кунлари сайлов округларидаги фаолияти якунлари ҳам сарҳисоб қилинди. Депутатларнинг сайловчилар ҳамда мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада кучайтириш борасида қатор тафсиялар берилди.
Муҳтарама КОМИЛОВА,
ЎзА мухбири