Тўй-маросимларда ихчамлик ва ёшлар билан ишлаш масалалари муҳокама қилинди

Бугунги кунда жамият тараққиётида маънавий қадриятлар, урф-одатлар ва миллий анъаналарнинг ўрни беқиёсдир. Айниқса, тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, ёш авлодни маънавий жиҳатдан етук тарбиялаш ҳамда нуронийларнинг ҳаётдаги фаол иштирокини таъминлаш долзарб масалалардан бирига айланмоқда.
Элликқалъа тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда туман ҳокими В.Ниязимбетов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Абдижаббаров, туманнинг фаол нуронийлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, жамиятда маънавий тарбияни кучайтириш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш каби масалаларга қаратилди. Жумладан, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида ёшларга амалий кўмак кўрсатиш, уларни маърифатли, ватанпарвар ва соғлом фикрлайдиган шахслар қилиб тарбиялаш юзасидан мулоқот қилинди.
Шунингдек, йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Кўп йиллар мобайнида “Нуроний” жамғармаси Элликқалъа туман бўлими раҳбари лавозимида самарали меҳнат қилган И.Ходжаниязовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилди. У киши тантанали равишда ҳурматли кексалик дам олишига кузатилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Янги тайинловга кўра, “Нуроний” жамғармаси Элликқалъа тумани бўлими бошлиғи лавозимига Ф.Ибадуллаев тайинланди.


Бу каби тадбирлар орқали жамиятда кексаларга ҳурмат, ёшларга эътибор каби эзгу қадриятлар янада мустаҳкамланиши шубҳасиз.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги