Франция Президентининг маслаҳатчиси Ўзбекистонга элчи этиб тайинланди

137

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Франциянинг янги тайинланган элчиси Уалид Фукни қабул қилди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Франциянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган Элчиси Уалид Фук жанобларидан ишонч ёрлиқлари нусхалари қабул қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўзбекистон-Франция ўртасидаги мустаҳкам тарихий замин ва бой анъаналарга эга муносабатлар сўнгги йилларда юқори суръатлар билан ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бугунги кунда ҳамкорлик иқтисодиётдан тортиб маданиятгача бўлган барча соҳаларни қамраб олмоқда. Шу билан бирга, мавжуд салоҳият янада кенг бўлиб, уни тўлиқ рўёбга чиқариш учун дипломатларимизнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этади.

Жаноб Элчига мамлакатимиздаги фаолиятида юксак муваффақиятлар ва самарали меҳнат тилаймиз».

Франция Президентининг Осиё, Океания ва Америка бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келган 38 ёшли дипломат Уалид Фук 2021-2025 йилларда Тошкентдаги элчихонага раҳбарлик қилган Орелия Бушез ўрнига тайинланди. Орелия Бушез икки томонлама дўстлик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон Президенти томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.