Китоб ўқиган маҳкумларнинг жазони ўташ муддати қисқартириб борилиши мумкин

169

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонун жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдан узилиб қолишининг олдини олиш, китоб ўқишни рағбатлантириш орқали қонунга итоаткор, маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган.

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига маҳкумларнинг жазони ўташ муддати улар тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан қисқартирилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, Жиноят кодекси жазони ўташ муддатини шахс тузалиш йўлига ўтгани муносабати билан қисқартиришни назарда тутувчи 74-1-модда билан тўлдирилмоқда.

Бунда, маҳкумлар томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланган, маҳкумларда тўғри маънавий ва ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиса ва ушбу китобларни ўқигани факти тасдиқланган тақдирда жазони ўташ муддати ҳар бир ўқилган китоб учун уч кунга, бироқ бир йилда кўпи билан ўттиз кунгача комиссиянинг хулосасига асосан суд томонидан қисқартирилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Ушбу норма фақат жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниши назарда тутилган (умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганлардан ташқари) шахсларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган ушбу ўзгартиришлар бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 13,5 мингдан ортиқ маҳкумларга нисбатан татбиқ этилади.

Шу билан бирга, қонун билан “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунга ҳам профилактик ҳисобга олиш асослари мақбуллаштирилишини ҳамда профилактик ҳисобга олинадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик турлари уларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, хусусияти, келгусида жиноий қилмиш содир этилиши мумкинлиги каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-10 ва 131-моддаларида назарда тутилган, яъни йўл безорилиги ва транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқарганлик учун содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун суд томонидан муайян муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларни профилактик ҳисобга олиниши алоҳида тоифа сифатида белгиланмоқда.

2024 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган 11 мингга яқин шахс томонидан 23 минг 582 йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари аниқланган. Оқибатда 1 минг 19 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, унда 295 нафар фуқаро вафот этган ва 873 нафари жароҳатланган.

Шу боис, йўл-патруль хизмати ходимларига профилактика инспекторлари томонидан кўмаклашиш амалиёти йўлга қўйилади ва бу орқали транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш ва ўз вақтида аниқлаш имкониятлари кенгайтирилади.

Сенаторлар маъқуллаган қонун маҳкумларни ахлоқан тузатиш, уларда жамият қоидалари ва анъаналарига нисбатан ҳурматни шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга йўл очади.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат),

ЎзА